Навоий вилояти Нурота тумани ва Ғозғон шаҳрида сўнгги йилларда текстиль саноати жадал ривожланмоқда.
Хусусан, 2020 йил январь ойида Ғозғон шаҳри “Мармаробод” маҳалласида иш бошлаган замонавий тикувчилик мажмуасида юз нафар хотин-қиз бандлиги таъминланди. Мазкур корхонада бир ойда ўртача 3 мингта ишчи кийими тикилмоқда. 4-5 турдаги маҳсулотлар ички бозор билан бирга Россияга ҳам экспорт қилинмоқда.
Корхонада иш жараёнлари қизғин давом этаяпти. Ишчиларнинг қатнаб ишлаши учун автобус, қолаверса, бепул тушликнинг ташкил этилгани ходимлар манфаатдорлигини оширмоқда.
Нуротанинг Темирқовуқ қишлоғидаги замонавий корхона фаолияти ҳам эътирофга лойиқ. Бу ерда 120 нафар қишлоқ аёллари меҳнат қилмоқда. Аввалига эски ва тор бинода иш олиб борган тикув фабрикасида ходимлар 20 нафардан ошмас эди. Кейинчалик Навоий кон-металлургия комбинати кўмаги билан ҳудудда фойдаланилмаётган бино қайта реконструкция қилиниб, янги дастгоҳлар келтириб ўрнатилди. 2019 йил якунида қайта иш бошлаган фабрикада тайёрланаётган маҳсулотлар тўлиқ экспортга йўналтирилмоқда. Бу ерда тайёрланаётган текстиль маҳсулотларининг сифати жаҳон стандартларига жавоб беради.
Суратларда: Навоий вилояти Нурота тумани ва Ғозғон шаҳридаги текстиль корхоналари.
[gallery-3299]
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА