Президент топшириғи – амалда
Ўзбекистон Республикаси Президенти ўтган йилнинг март ойида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган муҳим ишлар, уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан қатор топшириқ ва вазифаларни белгилаб берган эди.
Белгиланган топшириқ ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда Бухоро вилояти туманларининг олис ҳудудларида мавжуд тиббиёт пунктлари янгиланиб, улар зарур жиҳоз ва воситалар билан таъминланмоқда.
Жорий йилда Қоракўл туманида ҳам бирламчи тиббий санитария ва амбулатор хизмати сифатини кўрсатишни яхшилаш мақсадида туман марказидан олис, чекка ҳудудлардаги мавжуд қатор бинолар қайта реконструкция қилинди. Улар туман ҳокимлиги ва тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида тиббий жиҳозлар, асбоб-ускуналар, алоқа ҳамда интернет алоқаси билан таъминланди.
Мақсад аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш ҳамда тиббий хизматни аҳолига янада яқинлаштиришдир.
Ана шундай саъй-ҳаракатлар туфайли мукаммал таъмирдан чиқарилган Янги замон маҳалласи тиббиёт пункти ҳам аҳоли ва тиббиёт ходимлари ихтиёрига топширилди.
Мазкур маҳалла тиббиёт пункти ҳудуддаги 1112 та хонадон ва уларда яшовчи 4400 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатишга ихтисослашган. Маҳалланинг олдинги маъмурий биносида жойлашган пункт жорий йилда капитал таъмирдан чиқарилган. Бунда ўз хизмат фаолиятини олиб бораётган умумий амалиёт врачи ва 9 нафар ўрта тиббиёт ходими зарур ускуналар билан таъминланган.
– Кундалик қабул учун умумий 50 қувватга мўлжалланган муассаса ходимлари томонидан аҳоли саломатлиги билан бирга, ҳудуддаги 47 нафар ногиронлиги бўлган, 83 нафар бир ёшгача бўлган чақалоқ, қирққа яқин ҳомиладор аёл, шунингдек, якка-ёлғиз, тиббий хизматга муҳтож фуқаролар, ўн нафар онкологик касалликка чалинганлар, бошқа диспансер назоратига олинган жами 306 нафар фуқарога тиббий хизмат кўрсатилмоқда, – дейди Қоракўл тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Феруз Тонгатаров. – Яқин-яқингача 55-сонли оилавий поликлиника филиали сифатида фаолият кўрсатиб келган маскан ўтган йилдан тиббиёт пункти кўринишида аҳоли саломатлигини сақлашга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Тадбирда сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбарининг тиббиёт соҳасига оид ташаббус ва топшириқларида асосий эътибор аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий хизматни такомиллаштириш, уларнинг моддий техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда аҳолига бирламчи тиббий хизматни янада яқинлаштиришга қаратилганлигини таъкидлади.
Шундан сўнг, рамзий лента қирқилиб, тадбир иштирокчилари муассасада яратилган шароитлар ва тиббий асбоб-ускуналар билан танишди.
Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов қатнашди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари