Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳолини бирламчи тиббий ёрдам билан қамраб олиш ва хизмат сифатини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳудудларда барпо этилаётган замонавий ва халқчил тиббиёт марказлари мазкур сиёсатнинг амалиётидаги ёрқин ифодасидир.

Бухоро вилояти Ғиждувон туманда навбатдаги ана шундай тиббиёт муассасалари – 2- ва 9-оилавий поликлиникалар фойдаланишга топширилди. Янги бинолар зарур барча тиббий жиҳозлар билан таъминланди.
Замонавий талабларга мос равишда барпо этилган ушбу иншоотларда шифокорлар, профилактика хизмати ва диагностика хоналари фаолияти учун қулай шароитлар яратилди. Ушбу қулайликлар аҳолига тез, сифатли ва тизимли тиббий хизмат кўрсатиш имкониятини оширади.

Таъкидлаш керак, бугунги кунда Ғиждувон туманида яшовчи 330 минг 645 нафар аҳолига 543 ўринли Ғиждувон туман соғлиқни сақлаш бўлими тиббий хизмат кўрсатади. Шунингдек, вилоятда 20 минг 390 қувватга эга 220 та муассаса томонидан аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами хизмати кўрсатилади.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА