Ватан учун, миллат учун, халқ учун!
Мамлакатимизда энергетика тизимини барқарор ривожлантириш, ишончли ва узлуксиз электр таъминотини таъминлаш устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Бу эса йирик электр станциялари ҳамда уларнинг жамоалари зиммасига катта масъулият юклайди.
Ана шундай талаблар асосида “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти йирик ишлаб чиқариш тармоқларидан бири сифатида тизим самарадорлигини ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва кадрлар салоҳиятини юксалтириш йўналишида қатор ишлар амалга ошириб келмоқда.
Айтиш керакки, бугунги кунда энергетика тизимини барқарорлаштириш, ишончли ва узлуксиз электр таъминотини таъминлаш асосий вазифаларимиздан бири ҳисобланади. Жамият таркибидаги электр станцияларида замонавий технологияларни жорий этиш, мавжуд ускуналарни модернизация қилиш ва янги қувватларни ишга тушириш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, барқарор тизимни шакллантиришда хорижий тажрибани ўрганиш ва маҳаллий мутахассисларнинг салоҳиятини оширишга катта эътибор қаратилаётир.
Бу борада 2025 йилнинг биринчи ярмида эришилган натижаларга урғу берайлик. Мазкур давр мобайнида “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти томонидан 14 миллиард 384 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилди ва режа 101,5 фоизга бажарилди.
Шу даврда жамият томонидан инвестиция фаолиятида ҳам юқори натижаларга эришилди. Барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан жорий йилда 701,93 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштирилиши белгиланган бўлса, ярим йилликда режалаштирилган 234,93 миллион доллар ўрнига 286,85 миллион доллар ўзлаштирилиб, кўрсаткич 121,7 фоизга етказилди.
“Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти бошқарма бош мутахассиси Бобур Убайдуллаевнинг қайд этишича, бугунги кунда тизимда қатор муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Тошкент шаҳрининг иссиқлик таъминоти сўнгги нуқталарида жойлашган 6 та маҳаллада когенерация лойиҳаларини амалга ошириш” лойиҳаси доирасида Сергели туманининг Боғбон маҳалласини қамраб олувчи когенерация қурилмаси яқин кунларда фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.
–Шунингдек, Юнусобод туманидаги 4-сон иссиқлик маркази ҳудудида 100 МВт қувватга эга газ-поршенли қурилма, "Талимаржон ИЭС" АЖда умумий қуввати 900 МВт ва "Навоий ИЭС" АЖда 650 МВт бўлган буғ-газ қурилмаларини барпо этиш ишлари давом этмоқда. Бундан ташқари, маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида 19 та лойиҳа асосида 33,5 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган бўлиб, амалда 36,5 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди, режа 109 фоизга бажарилди. Импорт ҳажми эса 11,9 миллион долларга қисқартирилиб, режа 123,1 фоизга бажарилди. Умуман олганда, тизимда янги лойиҳаларнинг амалга оширилиши электр таъминотидаги муаммолар ечимида муҳим бурилиш бўлди, – деди Б.Убайдуллаев.
Ўз навбатида, ёшларнинг билим ва тажрибасини ошириш бугунги кундаги устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Шу боис, корхоналарда махсус тажриба майдонлари ташкил қилинган бўлиб, улар орқали ёш мутахассислар иш жараёнида бевосита иштирок этиб, назарий билимларини амалиётда синаб кўриш имконига эга бўлади. Бу уларнинг малакасини ошириш, иш жараёнини тўлиқ тушуниш ва соҳадаги замонавий технологиялар билан танишиш учун муҳим аҳамиятга эга.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА