Бугунги кунда энергия соҳасидаги модернизация ва экологик технологияларни жорий этиш нафақат саноат самарадорлигини ошириш, балки атроф-муҳит ва инсон саломатлигини муҳофаза қилишнинг энг муҳим омилига айланди.
Шу сабабли, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизимидаги корхоналарда атроф-муҳитга таъсирни камайтириш ва энергия таъминоти барқарорлигини таъминлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жамият томонидан журналистлар учун ташкил этилган пресс-турда айнан шу мавзуда маълумотлар берилди.
Тадбирда иштирокчилар Тошкент иссиқлик электр маркази, “Тошкент иссиқлик маркази” МЧЖ тизимидаги 4-қозонхона ҳамда Тошкент иссиқлик электр станциясида бўлиб, иш жараёнлари билан яқиндан танишди.
Таъкидланганидек, Яккасарой туманидаги ушбу корхонада 5 та қозон агрегати ва 1 та газ-турбина қурилмасида таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Корхонада мазут ёқилғиси тўлиқ чиқариб ташланган бўлиб, энергия фақат табиий газ асосидаги замонавий қурилмалар орқали ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, давлат топшириқларига мувофиқ, пойтахтда экологик тоза технологияларни жорий этиш мақсадида 2024 йилда марказга қуввати 64 МВт бўлган икки дона янги газ-турбина қурилмалари ўрнатилган. Бу эса атроф-муҳитга чиқарилаётган ифлослантирувчи моддаларни йилига 200 тоннага камайтириш имконини бермоқда.
Шу билан бирга, электр марказида 4 та автоматик мониторинг станцияси ва 1 та экопост ўрнатилди, газ тармоқларидаги механик фильтрлар янгиланди. Корхона шаҳар марказида жойлашгани боис, экологияга ижобий таъсир кўрсатиш ва шаҳар кўркини яхшилаш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 15,5 гектар майдонда 16 минг 490 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиб, “яшил белбоғ” барпо этилди.
Бу борадаги ишлар “Тошкент иссиқлик маркази” МЧЖ тизимидаги 4-қозонхона ва Тошкент иссиқлик электр станциясида ҳам самарали ташкил этилмоқда. Мутахассислар таъкидлашича, замонавий станциялар чиқиндиларни камайтириш ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича энг сўнгги инновацион усуллардан фойдаланади. Бу эса мамлакатнинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлиб, келажак авлод учун тоза ва барқарор муҳит яратишга хизмат қилади.
Шу тариқа, пойтахтдаги иссиқлик электр станциялари нафақат энергетика инфратузилмасини мустаҳкамлайди, балки экологик жиҳатдан ҳам барқарорликни таъминлайди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/gunsCImd-v8" title="Zamonaviy texnologiyalar “yashil” iqtisodiyotga o`tish yo`lidagi muhim qadam" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Насиба Зиёдуллаева,
Дониёр Ёқубов, Анвархўжа Аҳмедов (видео, монтаж), ЎзА