Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Замонавий технологиялар самарадорликни оширади
07:41 / 2026-02-10

Наманган вилоятида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Чортоқ тумандаги “Бувабой Робахон файзи” фермер хўжалигида сув тежовчи инновацион ечимлардан бири – томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш ишлари бошланди. Ушбу лойиҳа Хитой Халқ Республикасининг Шинжон вилоятида қўлланилаётган илғор тажриба асосида амалга оширилмоқда.

Мазкур замонавий технология ҳар бир ўсимлик илдизига сувни аниқ меъёрда етказиб бериш орқали сув сарфини сезиларли даражада қисқартириш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини оширишга хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаб, аграр соҳада барқарор ривожланишга мустаҳкам замин яратади.

Жорий йилда хўжаликнинг 31 гектар майдонида томчилатиб суғориш тизимини тўлиқ жорий этиш режалаштирилган. Ушбу ташаббус туманда сув тежовчи технологияларни кенгайтириш, илғор хорижий тажрибани амалиётга татбиқ этиш ва фермер хўжаликлари самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 февралдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, 2028 йилгача 3,5 миллион гектар ерда тежамкор суғориш тизими ўрнатилади. Бу орқали йилига 5 миллиард куб метр сув тежаб қолинади. Молиявий кўмак сифатида, шу йилнинг ўзида тижорат банклари томонидан 2,6 триллион сўм кредит берилади, давлат тарафидан эса, 800 миллиард сўм субсидия ажратилади. Эндиликда технологияни ўз пулига қурмоқчи бўлганларга субсидиянинг 50 фоизи олдиндан, қолгани иш битгач тўлаб берилади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.