Илғор ахборот-коммуникация технологияларини давлат ва жамиятнинг барча соҳаларига кенг татбиқ этиш бугуннинг муҳим мавзусидир.
2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам рақамли иқтисодиётни асосий “драйвер” соҳага айлантириб, унинг ҳажмини камида 2,5 баравар оширишга қаратилган ишларни олиб бориш, бу борадаги экспорт ҳажмини 500 миллион долларга етказиш асосий мақсадлардан бири эканлиги қайд этилган.
Соҳа мутахассислари томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, сўнгги 7 йилда рақамли инфратузилмани ривожлантириш учун 1,3 миллиард АҚШ доллари жалб этилиб, шундан 54 фоизи (700 миллион АҚШ доллари) тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларига тўғри келади.
Шунингдек, телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш йўналишида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, оптик толали алоқа линиялари узунлиги 20 минг км.дан 170 минг км. етиб, 8,5 баробарга ошди. Интернет тармоғига уланишнинг умумий ўтказувчанлик қобилияти 58 баробарга оширилиб, унинг тезлиги 55 Гб/с дан 3 200 ГБ/с га етказилди.
Амалга оширилган амалий ишлар натижасида интернет нархи туширишга эришилди. Халқаро интернетга уланиш нархи оператор ва провайдерлар учун қарийб 33 баробарга арзонлашди. Натижда 1 Мбит/с учун интернетга уланиш нархи 30 минг сўмгача пасайтирилди. Ўз навбатида мобил интернет нархи қарийб 9 баробар арзонлашди. 31,4 минг та қўшимча таянч станциялари ўрнатилиб уларнинг умумий сони 57,4 мингтага, республика бўйича мобил алоқа қамрови даражаси 99 фоизга (мобил алоқа абонентлари сони 31,9 миллион), кенг полосали мобил интернет қамрови 98 фоизга етказилди.
Ўтган 2022 йил якуни бўйича рақамли иқтисодиёт соҳасининг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 2,77 фоизга етказилган. Бунда, АКТ соҳасида кўрсатилган хизматлар ҳажми эса 3,6 баробарга ошиб, 22,9 триллион сўмни ташкил этган. Интернет абонентлари сони 2022 йил якуни ҳолатига 31,1 миллион ташкил этган.
Қайд этилишича, мамлакатимиз томонидан эришилган ютуқлар халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилган. Жумладан, охирги икки йилда Глобал инновацион индекс рейтингида АКТ хизматлари экспорти кўрсаткичи бўйича 42 поғонага ошган. Сўнгги йилларда мобил интернет нархи рейтингида 68 ўриндан 15 ўринга кўтарилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА