Аҳоли хонадонлари ва ишлаб чиқариш корхоналарини табиий газ билан бир маромда таъминлаш мақсадида “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали томонидан жойларда тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Табиий газ таъминоти уч босқичли тизимдан икки босқичлига ўтказилди. Энергия ресурсини тежаш, газ йўқотишларнинг олдини олиш ҳамда газ сизиб чиқиш ҳолатлари юзага келса зудлик билан бартараф этишда рақамли технологиянинг ўрни алоҳида бўлмоқда. Жараёнлар замонавий технологиянинг яна бир чўққиси бўлмиш махсус мобил лаборатория орқали амалга оширилмоқда.

– Махсус мобил лаборатория ўзига хос афзалликларга эга бўлиб, қулайлиги билан мушкул жараёнларни осонлаштирмоқда. У билан бир вақтнинг ўзида ер ости ва ер усти газ қувурларини аниқлик билан текшириш мумкин. Бу эса таъминот ходимлари учун яхши имконият яратди. Илгари чилангар бир кунда бор-йўғи 6 ёки 7 километр масофани текшириши мумкин бўлса, мобил лаборатория ёрдамида эса 60-70 километргача газ қувурларини кўздан кечириш имкони бор. Шунингдек, мобил лаборатория орқали нафақат вақт, балки ишчи кучи ҳам тежалади, текширувларнинг аниқлиги ошади, – дейди мутахассис Элёр Раҳмонов.

Вилоятда жорий йилнинг дастлабки ойидан бошлаб то бугунига қадар махсус лаборатория ёрдамида 304 га яқин газ сизиб чиқиш ҳолатлари аниқланди. “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали томонидан замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда мавжуд 12 050 километр узунликдаги ер ости газ қувурлари текширилди. Текширувлар натижасида аниқланган газ сизиб чиқиш ҳолатлари бартараф этилиб, табиий газ йўқотилишининг олди олинди.

Аҳолини узлуксиз ва хавфсиз табиий газ билан таъминлаш мақсадида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан ажратилган 1 та махсус мобил лаборатория автотранспорт воситаси орқали вилоятнинг шаҳар ва туманларида жойлашган ер ости газ қувурларида газ сизиб чиқиш ҳолатларини аниқлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.