Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Замонавий технологиялар самараси
20:19 / 2015-09-15

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан 2013-2017 йилларда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш давлат дастурининг бажарилишига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан 2013-2017 йилларда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш давлат дастурининг бажарилишига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Унда глобал иқлим ўзгаришлари шароитида қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил олиш ва аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш учун мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва суғоришнинг тежамкор технологияларини кенг жорий қилиш муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Мамлакатимизда сувдан самарали ва мақсадли фойдаланиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳар йили 5 минг километрдан ортиқ суғориш, 12 минг километр коллектор-дренаж, 50 минг километр ариқ тармоқлари тозаланмоқда. 200 километрдан зиёд каналлар, 530 километр лоток ва коллектор тармоқлари, 400 дан ортиқ гидротехник иншоотлар ва бошқа кўплаб объектлар реконструкция қилинмоқда ва қурилмоқда.

Сувдан фойдаланиш самарадорлигини оширишда Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 19 апрелдаги “2013-2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим омил бўлмоқда.

Мазкур қарорга мувофиқ қабул қилинган дастур асосида мелиорация объектлари қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, тиклаш, томчилатиб суғориш тизимини жорий қилиш, сув хўжалиги ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чоралари кўрилмоқда.

Шу мақсадда “Ўзмелиомашлизинг” давлат лизинг компанияси, мелиорация ва бошқа сув хўжалиги ишларини бажаришга ихтисослашган элликка яқин унитар корхона фаолият юритмоқда. Улар томонидан 2013 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида лизинг асосида 550 мелиоратив техника ва ускуна, жумладан, 180 дан зиёд экскаватор, етмишга яқин бульдозер, 65 юк автомобили ва бошқа механизмлар етказиб берилди. Бунинг учун Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси ҳисобидан 197,6 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилди.

Натижада 2013-2014 йилларда 560 минг гектардан зиёд майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланди, кучли ва ўрта шўрланган ер майдонлари 71,3 минг гектарга қисқарди. 374,1 минг гектар суғориладиган ернинг мелиоратив ҳолати барқарорлиги сақлаб қолинди. 2017 йилгача белгиланган давлат дастурининг амалга оширилиши 1,1 миллион гектар суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, кучли ва ўрта шўрланган ер майдонларини 87 минг гектарга қисқартириш имконини беради. 82 километр мелиорация объектларининг техник ҳолатини яхшилаш ва 255 минг гектар майдонда коллектор-дренаж сувларининг кафолатли оқимини таъминлаш мўлжалланмоқда.

Маълумотларга кўра, 2013-2017 йилларда 25 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш тизими, 45,6 минг гектар майдонда плёнка тўшаб суғориш усули ҳамда 34 минг гектар майдонда ўқариқлар ўрнига эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш усуллари жорий этилиши белгиланган. Ҳозирга қадар 10,8 минг гектарда томчилатиб суғориш тизими жорий қилинди.

– Суғориш тармоқларида сувнинг техник йўқотилиши ва фильтрацияси камайишига эришилмоқда, – дейди Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасини бошқариш департаменти бўлим бошлиғи Шерзод Саидов. – Томчилатиб суғориш тизимини барпо этиш учун сув насоси, фильтр ҳовуз-тиндиргич, ўғитловчи мослама, магистрал ва тарқатувчи қувурлар, суғориш шланглари ҳамда ёрдамчи қисмларнинг аксарияти юртимизда ишлаб чиқарилмоқда. 2014 йил Солиқ кодексига киритилган ўзгартишларга асосан юридик шахслар ер участкасининг қайси қисмида томчилатиб суғоришдан фойдаланаётган бўлса, ўша майдон учун томчилатиб суғориш тизими жорий қилинган ойдан бошлаб беш йил муддатга ягона ер солиғи тўлашдан озод этилди.

Тадбирда журналистларнинг саволларига жавоб берилди.