Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Замонавий технологиялар – самарадорлик мезони
18:02 / 2015-09-11

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2015 йил 30 июлдаги фармойишига мувофиқ жорий йилнинг 15-16 октябрь кунлари Тошкентда XI Ўзбекистон халқаро пахта ярмаркаси бўлиб ўтади.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2015 йил 30 июлдаги фармойишига мувофиқ жорий йилнинг 15-16 октябрь кунлари Тошкентда XI Ўзбекистон халқаро пахта ярмаркаси бўлиб ўтади.

Ўзбекистон пахта толасининг жаҳон бозорига жадал кириб боришида ушбу анъанавий ярмарканинг аҳамияти беқиёс. Мазкур ярмарка Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитаси (ICAC)нинг энг муҳим тадбирлари реестрига киритилгани боис дунё миқёсида пахта бозори сиёсатини белгиловчи нуфузли анжуманлардан бирига айланди.

«Ўзпахтасаноат» уюшмаси тизимида ҳам ушбу нуфузли форумга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Жумладан, ярмарка иштирокчиларини Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги «Ўзбекистон пахта тозалаш» очиқ акциядорлик жамиятида кутиб олиш режалаштирилмоқда. Бу билан иштирокчиларни пахтани қайта ишлаш жараёнига татбиқ этилаётган замонавий янги технологиялар билан яқиндан таништириш, мутахассислар билан бевосита фикр алмашишига имкон яратиш назарда тутилган. Корхонага замонавий қуритиш, саралаш, жилдлаш, ленталаш ускуналари ўрнатилгач, иш унумдорлиги бир неча баробар ортди, сарфланадиган электр энергия миқдори анча камайди.

«Ўзэкспомарказ»да уюшма учун ажратилган майдонда соҳа корхоналарининг ишлаш жараёнини тўлиқ таърифловчи – қайта ишланаётган пахта маҳсулотларидан намуналар ва ишчилар учун яратилган шарт-шароитлар намойиш этилади.

Мамлакатимиз пахта етиштириш ва уни қайта ишлаш борасида тобора улкан ютуқларга эришмоқда. Дунёдаги кўплаб нуфузли компаниялар ўзбек пахтасини сотиб олиш ҳамда қайта ишлаш бўйича ҳамкорлик қилишга интилмоқда.

Пахта хомашёсини дастлабки ишловга тайёрлаш, сақлаш, қайта ишлаш самарадорлигини оширишда «Ўзпахтасаноат» уюшмаси тизимидаги корхоналар муҳим ўрин тутади. Айни пайтда тармоқда 13 ҳудудий «Пахтасаноат» акциядорлик бирлашмаси, юзга яқин пахта тозалаш заводи, “Пахтасаноат” илмий маркази ҳамда 34 махсус уруғлик чигит тайёрлаш цехи фаолият юритмоқда. Андижон, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ўнтадан, Бухоро вилоятида тўққизта, Тошкент, Хоразм ва Наманган вилоятларидаги саккизтадан завод шулар сирасидандир.

Уларни замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш, ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш даражасини ошириш, жаҳон пахта бозорида рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш чоралари кўрилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2007 йил 14 мартдаги “Ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлашни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бунда муҳим омил бўлаётир.

Мазкур фармонга кўра, корхоналар босқичма-босқич реконструкция ва модернизация қилиниб, замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланмоқда.

– Хитойнинг “Синокот” компанияси билан ҳамкорликда гидропресс ускуналари ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги замонавий корхона ишга туширилди, – дейди “Ўзпахтасаноат” уюшмаси инвестицион лойиҳаларни жалб этиш ва амалга ошириш бўлими бошлиғи Ринат Гуляев. – “Синокот Тошкент Коттон Эквипмент” қўшма корхонасида тола ва линт маҳсулотларини пресслаш ускуналари ишлаб чиқарилади. Илгари бу ускуналар хориждан олиб келинар эди.

Келажакда қўшимча равишда янги турдаги жин ва линтер технологик ускуналари ҳамда соҳа корхоналари эҳтиёжи учун бошқа турдаги эҳтиёт ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳам кўзда тутилган. Корхона тўлиқ ишга тушгач йилига 10 миллион доллар миқдорида маҳсулот ишлаб чиқарилади. Экспорт улуши 18 фоиз, маҳаллийлаштириш 38 фоизни ташкил этиши ва қарийб 150 доимий иш ўрни яратиш мўлжалланмоқда.

Ўтган йили “Қизириқпахта” акциядорлик жамиятининг пахтани тозалаш ва саралаш цехида янги мосламалар ўрнатилди. Ишлаб чиқариш қувватини оширувчи замонавий 5-ДП-130 “Жин-пахта”, маҳсулот сифатини яхшилаш имконини берадиган “5-ЛП” линтер агрегатлари кўпайтирилди. Пресслаш цехида 8-КБ ускунаси ўрнатилгач, тойланган тола полиэтилен ип билан боғланадиган бўлди. Бу корхона рентабеллигини ошириш, ишлаб чиқариш сарф-харажатлари ва маҳсулот таннархини камайтиришга хизмат қилмоқда.

Тизимда қийин тозаланадиган селекция навларига мансуб пахта хомашёсидан олинаётган олий ва яхши сифатли тола улушини кўпайтириш ҳамда жаҳон андозаларига мос маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича ҳам қатор юмушлар бажарилмоқда. Мисол учун, пахта тозалаш корхоналаридаги иссиқлик берувчи генераторлар замонавий, газ ва суюқ ёнилғида ишловчи генераторларга, унумдорлиги паст тозалагичлар самарадорлиги юқори бўлган “ХК”, “УХК” линияларига алмаштирилди. Натижада жойларда ўртача бир кунлик ишлаб чиқариш кўрсаткичи 35-45 тоннадан 50-55 тоннага ошди.

Махсус уруғлик чигит тайёрлаш цехларида замонавий технологияларни қўллаш, бешта пахта заводида замонавий автоматлаштирилган тизим мажмуаларини йўлга қўйиш туфайли чигит тайёрлаш сифати ортиб, энергия тежамкорлигига эришилмоқда. Натижада уруғлик сифати ва унувчанлигини яхшилаш, унинг ҳар бир гектарга сарфланадиган миқдорини 20-30 фоиз қисқартириш ҳамда уруғлик фондини йилига 50-60 минг тонна тежаш имконияти яратилди.

Тармоқ корхоналарини замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш жаҳон пахта бозорида рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтиришда қўл келмоқда. Мисол учун, 2013 йилда пахта толасининг сифати 95,1 фоизни ташкил этган бўлса, ўтган йили унинг сифати 97,1 фоиз бўлди. «Олий» синфининг умумий улуши 14,8 фоизга ўсди. Уруғлик борасидаги ютуқлар салмоқли бўлмоқда. Ўтган йили 2013 йилга нисбатан 10,3 фоизга ўсиш кузатилган бўлса, жорий йилда бундан-да юқори кўрсаткич кутилмоқда.

Замонавий технологияларни қўллаш туфайли эришилган асосий ютуқлардан бири электр энергиясининг тежалишидир. Бир тонна тола ишлаб чиқаришга сарфланадиган солиштирма энергия сарфи ўртача 25-27 фоизга камайди.

Халқаро тараққиёт уюшмаси (МАР) билан ҳамкорликдаги қиймати 3,8 миллион долларлик «Корхоналарнинг электртежамкорлигини ошириш» лойиҳасига кўра, еттита заводда мавжуд 100 дона кўча фонарини ёритишда қўл келувчи қуёш батареяларига қўшимча яна 1200 дона қуёш батареяси харид қилинади. Улар ёрдамида пахта заводларининг атрофи ёритилади. Қуёш батареялари ўрнатилиши туфайли ҳар бир завод йилига 430 минг кВт электр энергиясини тежайди. Лойиҳа кўмагида яна энергия тежамкор MR-160C русумли 200 дона линтер машинаси харид қилинади.

Уюшма пахтани қайта ишлаш борасидаги қатор лойиҳаларда ҳам фаол иштирок этмоқда. “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик компанияси ҳамкорлигида 2015-2016 йилларда йирик тўқимачилик корхоналарини ишга тушириш лойиҳалари борасидаги ишлар давом этмоқда. Қўнғирот ва Чимбой пахта тозалаш корхоналари негизида ип-калава, трикотаж мато ва тайёр тикув маҳсулотларини ишлаб чиқариш, Ғузор ва Бешкент пахта тозалаш корхоналарининг бўш турган биноларида тўқимачилик мажмуаларини ташкил этиш каби лойиҳалар шулар жумласидандир.

2015-2020 йилларда «Ўзпахтасаноат» уюшмасининг элликта пахта заводида реконструкция ишлари олиб борилади. Бу пахта хомашёсини қайта ишлаш ҳажмининг 1,4 миллион тоннагача ортишига хизмат қилади. Жорий йилда тасдиқланган инвестиция дастури доирасида Манғит, Музработ, Боғот пахта тозалаш заводларидаги эскирган технологиялар замонавийларига алмаштирилади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ишлаб чиқарилаётган пахта толаси ва бошқа маҳсулотларнинг сифат кўрсаткичларини юқори даражага етказишда уюшманинг барча ҳудудий бирлашмаларига ISO 9001 халқаро стандарти талабларига жавоб берувчи сифат менежменти тизимининг жорий этилиши ҳам муҳим аҳамият касб этаётир.