Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Замонавий технологиялар ҳосилдорликни оширишга хизмат қилмоқда
19:00 / 2017-10-31

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнига замонавий технологияларни жорий қилиш ҳосилдорликни сезиларли даражада ошириб, мева-сабзавот экинлари сифатини сақлаган ҳолда, уларни етиштиришга кетадиган сарф-ҳаражатларни қисқартиради.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнига замонавий технологияларни жорий қилиш ҳосилдорликни сезиларли даражада ошириб, мева-сабзавот экинлари сифатини сақлаган ҳолда, уларни етиштиришга кетадиган сарф-ҳаражатларни қисқартиради. Қишлоқ хўжалиги фаолиятини босқичма-босқич автоматлаштириш мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Юртимизда замонавий экологик тоза ўғитлардан фойдаланиш, далаларни лазерли режалаштиришни жорий қилиш, ерга шудгорсиз ишлов бериш, тузга ва қуруқликка чидамли экинларни етиштиришга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг асосий йўналишларидан биридир. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистон бизнес форуми (III босқич)” қўшма лойиҳаси доирасида Тошкент вилоятида замонавий қишлоқ хўжалиги метеостанцияларини ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда. Ҳозиргача бундай техника воситалари Янгийўл ва Ўрта Чирчиқ туманларида фойдаланишга топширилди, яқин кунларда Паркент ва Тошкент туманларида ўрнатилади. Бунинг самарасида 800 фермер ва деҳқон хўжалиги тезкор метеохабарлар ҳамда агротехник тадбирларни ўтказишга доир тавсиялар билан таъминланади.

Ўрнатилаётган ҳар бир метеостанция ёғингарчиликлар сони, ҳаво ва тупроқ ҳарорати, ҳаво намлиги даражаси, шамол тезлиги ва йўналиши ҳамда бошқа қатор муҳим кўрсаткичларни ҳисобга оладиган мосламаларга эга. Тўпланган маълумотлар асосида касалликлар ва зараркунандаларнинг пайдо бўлиш хавфи олди олинади, ўсимликларни ҳимоя воситалари билан қайта ишлаш бўйича профилактик ишларни ўтказиш, суғориш вақти ва интенсивлиги режалаштирилади. Агротехник тадбирларни ўз вақтида ва тўғри амалга ошириш эса мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш имконини беради.

Фермер хўжаликлари вакиллари мунтазам равишда маслаҳат олиш билан бирга ўқув тренинглари ва семинарларда иштирок этади. Тажриба лойиҳаси натижалари уни кейинчалик мамлакатимизнинг барча ҳудудларида жорий этиш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.