French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Замонавий техникалар ҳудудлар ободлигига хизмат қилмоқда
17:39 / 2019-09-07

Халқимиз азалдан тозалик, саранжом-саришталик, ободликни қадрлайди.

“Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!”

Халқимиз азалдан тозалик, саранжом-саришталик, ободликни қадрлайди. Ҳудудларни янада файзли ва тароватли, кўркам бўлишида коммунал хизмат кўрсатиш ва ободонлаштириш ташкилотлари ишчи-ходимларининг хизмати катта.

Очиғини айтиш керак, ушбу тизим йиллар давомида эътибордан четда қолиб, моддий-техник базаси оғир аҳволга тушиб қолган эди. Коммунал хизмат кўрсатиш ва ободонлаштириш ташкилотлари номигагина битта-иккита махсус транспорт воситасида ёки бошқа ташкилотлардан ижара асосида транспорт воситасини ёллаб фаолият кўрсатиб келарди.

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қароридан сўнг соҳанинг моддий-техник имкониятларини яхшилашга киришилди. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизими учун зарур бўладиган барча турдаги махсус транспорт воситалари харид қилинмоқда. Бу шубҳасиз тармоқда иш унумдорлиги ва сифатини янада оширишга хизмат қилаётир.

photo_2019-09-07_16-52-22.jpg

Хўш, Самарқанд вилоятида коммунал хизмат кўрсатиш ва ҳудудларни ободонлаштириш ташкилотлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида қандай ташаббуслар илгари сурилмоқда?

Самарқанд вилоятини ободонлаштириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш жамғармаси ҳисобидан шаҳар ва қишлоқларда муҳандислик коммуникация тармоқлари ҳолатини, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида 408,5 миллиард сўмлик маблағ ажратилган. Жумладан, вилоят “Сувоқова” давлат унитар корхонаси, Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси, Пастдарғом тумани ҳокимлиги ободонлаштириш бўлими учун 122 та махсус техника воситаларини харид қилишга 39 миллиард 689 миллион сўм маблағ молиялаштирилди. Шундан 31 миллиард 424 миллион сўм маблағ эвазига яқинда 87 та махсус техника воситалари келтирилди. Яна 35 та махсус техника воситалари олиб келиниши режалаштирилган.

Самарқанд ер юзининг сайқали, шарқнинг нодир гавҳари. Азим кентга ҳар куни минглаб сайёҳлар ташриф буюради. Қолаверса, жаҳон цивилизациясининг ўчоғи сифатида ушбу қадимий шаҳарда сиёсий-маданий тадбирлар ҳам мунтазам ўтказиб келинади. Келадиган ҳар бир меҳмон дастлаб шаҳарнинг тозалиги, ободлиги ва орасталигига эътибор қаратиши табиий. Бу шубҳасиз, қадимий ва навқирон шаҳарни янада кўркам, обод қилишни тақозо этади. Бевосита ушбу ишларга масъул бўлган Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси айни пайтда шаҳарнинг 5 та ҳудудини кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ишлари билан шуғулланмоқда. Уларнинг машаққатли ишларини янада енгиллаштириш мақсадида харид қилинаётган бу каби янги техника воситалари шаҳар кўркига кўрк қўшишда муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.

photo_2019-09-07_16-52-23.jpg

Айниқса, сектор раҳбарлари томонидан жойларда аҳоли билан ўтказилаётган очиқ мулоқотлар, сайёр учрашувларда келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарияти ички йўлларни таъмирлаш, ободонлаштириш масалалари эканини инобатга оладиган бўлсак, шу вақтга қадар ушбу ишларга масъул бўлган идораларнинг ихтиёрида деярли ишлайдиган транспорт воситасининг йўқлиги келиб тушадиган мурожаатларни ҳал этишга ҳам тўсқинлик қилар эди. Аммо бугун вазият ўзгарди. Энди ободонлаштириш, коммунал хизмат кўрсатиш корхоналарининг ўзида замонавий техникалар бор. Бу билан ҳар қандай кўламдаги бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларини амалга ошириш имконияти яратилди.

Келтирилган ушбу транспорт воситалари орасида ободонлаштириш ташкилотлари учун сув ва ҳаводек зарур, замонавий евростандарт талабларига жавоб берадиган суғориш ва ювиш машиналари, комбинация қилинган йўл ва юк транспортлари, автобуслар, автоминора, юкловчи экскаватор, йўл таъмирловчи мини машиналар борлиги қувонарлидир. Масалан, улар орасида шаҳардаги фаввораларга ўз вақтида техник хизмат кўрсатишга мўлжалланган кўчма автоустахона ҳам бор. Эндиликда мутахассислар ушбу махсус транспорт воситаси билан шаҳарнинг қайси ҳудудида бўлишдан қаъти назар фаввораларда юзага келадиган носозликни дарҳол бартараф этади ва зарур техник хизмат кўрсатади. Эътиборлиси, ушбу транспорт воситасида усталар учун зарур жиҳозлар, токарлик, пайвандлаш ва металлга ишлов бериш ускуналари мавжуд.

– Шу пайтга қадар Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бор-йўғи 15 та техника билан таъминланган эди, – дейди Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бош муҳандиси Мамадали Маматқулов. – Шу йилнинг ўзида 101 та техника олиш кўзда тутилган. Шундан ҳозирга қадар 81 таси олинди. Ободонлаштириш бошқармасига биринчи марта фаввораларни таъмирлайдиган авто устахона, асфальт қўйиш техникалари, ёритгичларни таъмирлайдиган авто ускуналар ва бошқа махсус техника воситалари харид қилинди. Эндиликда улардан шаҳарни ободонлаштиришда самарали фойдаланилмоқда.

photo_2019-09-07_16-52-25.jpg

Самарқанд шаҳридаги Тонг кўчаси бундан бир неча ой аввал кўримсиз, жуда тор эди. Вилоят ҳокимлигининг бевосита ташаббуси билан ушбу кўчада кенг кўламда бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Узунлиги 1 минг 268 метр бўлган мазкур кўчада текислаш, шағал ётқизиш, лотоклар ўрнатиш, 2,5 километр узунликдаги пиёдалар учун йўлак қуриш, 96 дона тунги ёритиш устунларини ўрнатиш ишлари олиб борилди. Бу ердаги ишларга 20 та янги транспорт воситалари жалб қилинди. Ушбу кўчанинг лойиҳа қиймати 12 миллиард сўмни ташкил қилган эди. Олинган янги техникалар ҳисобига бу кўчага кетаётган маблағ 6 миллиард сўмга иқтисод қилинди .

Коммунал хизмат ташкилотларидаги бундай транспорт воситалари нафақат шаҳар марказида балки туманлар марказлари, чекка қишлоқларда олиб борилаётган кенг кўламдаги ободонлаштириш ишларида ҳам ас қотмоқда. Масалан, вилоятнинг Пастдарғом туман ҳокимлиги ободонлаштириш бўлимига 18 та турли русумдаги яъни, 3 та юклагич, бетон қорувчи автомашина, баландликка кўтарувчи махсус автомашиналар, бетон девор қуювчи ускуна, ишчи ходимларни ташиш учун 2 та автобус ҳамда бошқа махсус автотранспорт воситаларининг ажратилиши натижасида туман ҳудудида олиб борилаётган “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасидаги ва бошқа ободонлаштириш тадбирларида иш унуми ва сифати яхшиланди. Иқтисодий жиҳатдан маблағлар тежаладиган бўлди.

– Ободонлаштириш бўлимимизда бугунги кунгача бор йўғи 2 та техника бор эди, уни ҳам биттаси юрмасди, – дейди Пастдарғом туман ҳокими Шунқор Худойбердиев. – Пастдарғом туманида 1 минг 600 километрдан ортиқ йўллар бор. Шундан 1 минг 200 километрдан ортиғи ички йўллар. Унинг ҳам 90 фоизи таъмирталаб. Ана шу йўлларни яхшилаш мақсадида туманимизда тош майдалаш, қум ювиш ва бетон қоришга мўлжалланган 3 та завод қурилмоқда. Бундан ташқари, ҳозирги кунда Самарқанд шаҳридан чиққандан, Карагандагача бўлган 14 километр йўл юз фоиз ёритгичлар билан таъминланди. Ушбу ишлар доирасида туман ободонлаштириш бўлими қошида темир-бетон устунлар ясаладиган махсус цех ташкил этилди. Ёритгичлар учун темир устунлар шу ерда тайёрланмоқда. Олдин ёритгичлар учун ҳар бир темир устунларнинг лойиҳа қиймати 7 миллион сўмни ташкил қилган бўлса, ҳаммасини ўзимизда тайёрлаганимиздан сўнг, уни олиб бориб ўрнатиб, ёритгунча бўлган харажатлар 2 миллион 300 минг сўмни ташкил этди. Яъни, 3 баробардан зиёд харажатни камайтиришга эришилди. Самарқанд шаҳридан Пастдарғом туманининг “Торариқ” маҳалласигача бўлган 12 километрлик магистрал йўлга 270 дона, туман марказидаги кўчаларга ҳамда чорраҳаларга 110 дона тунги ёритиш чироқларининг устунлари ўрнатилди. Ҳозирги кунда Пастдарғом туманининг Хончарбоғ-Қашқадарё йўналиши бўйича ва Чимбой-Дамхўжа йўналиши бўйича 25 километр йўлга ёритгичлар ўрнатиш ва асфальт қуйиш ишлари олиб борилаётир. Бунда техникалардан самарали фойдаланилмоқда.

Вилоятда ободонлаштириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли кам харажат эвазига катта ҳажмдаги бунёдкорлик, яратувчанлик ишлари олиб борилаётир. Пировардида жойлардаги ижтимоий, коммунал муҳандислик тармоқларидаги кўплаб муаммолар қисқа муддатларда бартараф этилиб, ҳудудлар янада обод бўлмоқда.