ЎзЛиДеП Навоий вилоят Кенгаши ташаббуси билан Республика ўрта тиббиёт ходимлар малакасини ошириш ва ихтисослаштириш маркази вилоят филиалида “Бугуннинг тадбиркор аёли” лойиҳаси доирасида “Замонавий тадбиркор аёл – илҳом, интилиш ва ислоҳот рамзи” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.
Унда “Ишбилармон аёл – 2025” кўрик-танловининг Республика-ҳудудий босқичи ғолиби Шоҳиста Аҳмедова ҳамда “Дурдона жавоҳирлари” оилавий корхонаси раҳбари Гавҳар Эгамова томонидан юртимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларда хотин-қизларнинг иштирокини янада фаоллаштириш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, улар учун яратилган имкониятлар, шунингдек, товар белгиларининг тадбиркорлик фаолиятидаги ўрни ва самараси ҳақида маълумотлар берди.

Семинарда тадбиркорликни бошламоқчи бўлган аёлларга муваффақият сари интилиш, тўсиқлардан қўрқмаслик, ўз ғоясини амалга ошириш учун ҳаракат қилиши лозимлиги таъкидланди.
– Дастлаб 1995 йилда якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолиятимни бошлаган бўлсам, 2008 йилдан бошлаб юридик фирма ташкил қилдим ва бугунги кунга келиб 3 та корхонанинг таъсисчисиман, – дейди Шоҳиста Аҳмедова. – Ҳозирда 2 та меҳмонхоналар тармоғи, 3 та супермаркет ва 3 та умумий овқатланиш шохобчаларида 120 дан ортиқ ёшлар ва хотин-қизлар иш билан таъминланган. Айни пайтда 4 юлдузли меҳмонхона қурилишини олиб бормоқдамиз. Ушбу объектимиз ишга тушгач, яна 70 га яқин кишининг бандлиги таъминланади. Сизга ишонч билан айта оламанки, ҳаётда сизни кутаётган катта муваффақиятлар ҳам Сиз ташлаган кичик қадамлардан бошланади. Агар сизда ғоя бор бўлса, ундан қўрқманг. Ҳаракат қилинг, ўрганинг, синаб кўринг. Чунки эртанги муваффақият – бугун ташлаган қадамингиздан бошланади.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёдаги ҳар учинчи тадбиркор аёл кишидир. Дунё бўйича барча тадбиркорларнинг қарийб 33 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Тадқиқотлардан маълумки, аёллар бошчилигидаги компаниялар тезроқ юксалади.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда аёлларга яратилаётган кенг имкониятлардан фойдаланиб, 200 мингдан ортиқ аёл ўз бизнесини йўлга қўйган. Тадбирда шу каби муваффақиятга эришган тадбиркор аёллар қаторига кириш учун ҳар бир аёл ўз устида доимий ишлаши, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириши зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, бизнесни бошлашда тажрибали мутахассислар томонидан ташкил этилган семинар ва тренингларнинг аҳамияти алоҳида эътироф этилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири