Мамлакатимизда туризм ва дам олиш инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида янги замонавий сузиш ҳавзаларини (бассейн) қуриш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларни Туризм қўмитаси қоплайди. 2026 йил 1 февралдан 2028 йил 1 январгача ташкил этиладиган дастлабки 100 та сузиш ҳавзаси учун харажатларнинг 50 фоизигача, аммо 100 миллион сўмдан ошмаган қисми давлат томонидан қопланади.
Сузиш ҳавзаларини ташкил этишда бир қатор талаблар белгилаб қўйилган. Улар майдони 50-100 кв.м, чуқурлиги 1,3 метрдан бошланадиган, сувни филтрлаш, иситиш ва дезинфекция қилиш тизимлари билан жиҳозланган бўлиши лозим. Ҳавзалар ёпиқ (ички) ёки очиқ (ташқи) бўлиши мумкин, аммо бинонинг фасад қисми ва атрофи декоратив сув ҳавзалари ёки фавворалар билан безатилмаслиги талаб қилинади. Шунингдек, сув ҳавзаси кичик савдо марказлари ёки умумий овқатланиш шохобчалари ҳудудида ташкил этилган бўлиши шарт.
Туризм қўмитасига харажатларни қоплаш учун ариза тақдим этишда талабгорлар сузиш ҳавзаси лойиҳа ҳужжатлари нусхаси, қуриш ва ишга тушириш учун тузилган пудрат шартномаси нусхаси, шартнома бўйича тўлов амалга оширилганини тасдиқловчи электрон ҳужжатлар (ҳисобварақа-фактура, кaсса ёки терминал чеки, банк тўлов ҳужжатлари ва бошқалар) каби ҳужжатларни илова қилиниши лозим.
Аризалар 10 иш куни ичида кўриб чиқилади. Шу билан бирга, талабгорлар солиқ ва йиғимлар бўйича қарздорликнинг йўқлиги, қайта ташкил этиш ёки тугатиш жараёнида бўлмаслиги, фаолиятнинг қонуний тартибда вақтинча тўхтатилмаганлиги ҳамда суд қарори асосида тўловга қобилиятсиз деб эълон қилинмаганлиги каби кўрсатмаларга мувофиқ бўлиши шарт.
Шу тариқа, давлатнинг янги дастури туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва замонавий дам олиш масканларини ташкил этишда тадбиркорларга қўллаб-қувватлашнинг қулай имкониятларини тақдим этмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА