Замонавий сув тозалаш ускуналари ўрнатилди
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази ҳамда Хитой Фанлар академияси қошидаги Шинжон Экология ва география институти ҳамкорлигида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси кўмагида ҳудуддаги 3 та умумтаълим мактабида замонавий сув тозалаш ускуналари ўрнатилди.
Лойиҳа ичимлик суви сифатини яхшилаш, мактаб ўқувчилари ва педагоглар саломатлиги учун хавфсиз шароитлар яратишга қаратилган. Чимбой туманидаги 31-умумтаълим мактаби ҳамда Кегейли туманидаги 19- ва 5-умумтаълим мактабларига ҳар бири 5 минг АҚШ доллари қийматидаги замонавий сув тозалаш ускуналари беғараз топширилди.
Ушбу тизимни жорий этиш орқали минг нафардан ортиқ ўқувчи ва ўқитувчи тоза ва хавфсиз ичимлик сувидан фойдаланиш имконига эга бўлди.
Мазкур ишлар Оролбўйи халқаро инновация маркази ҳамда Хитой Фанлар академияси қошидаги Шинжон Экология ва география институти ўртасида Орол денгизи минтақасида илмий ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги келишув асосида амалга оширилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири