Бугунги кунда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, хусусан, оғиз бўшлиғи ва тиш касалликларининг олдини олиш соғлиқни сақлаш тизимининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда Бухоро вилояти Шофиркон тумани тиббиёт бирлашмаси тизимида стоматологик хизматлар изчил ривожлантирилиб, аҳолининг барча қатламлари учун қулай, сифатли ва кафолатланган тиббий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.

Ҳозирги кунда туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги муассасаларда жами 18,5 штат бирлигида малакали стоматолог шифокорлар фаолият юритмоқда. Жумладан, Кўп тармоқли марказий поликлиникада 4 та, оилавий поликлиникаларда 8 та ҳамда оилавий шифокорлик пунктларида 6,5 та штат бирлиги асосида стоматологлар аҳолига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатмоқда.
Энг муҳими, барча стоматологик кабинетлар замонавий тиббий технологиялар, янги авлод стоматологик қурилмалар, стерилизация воситалари ва сифатли пломба ашёлари билан тўлиқ жиҳозланган. Бу эса ташхис қўйиш ва даволаш жараёнларини тезкор, хавфсиз ҳамда самарали амалга ошириш имконини бермоқда.

Давлат томонидан жорий этилган “Кафолатланган тиббий хизматлар пакети” доирасида туман аҳолиси, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар учун стоматологик хизматлар бепул кўрсатилмоқда. Жумладан, 18 ёшгача бўлган болалар, ҳомиладор аёллар, 13 турдаги ижтимоий аҳамиятга эга касалликларга чалинган беморлар, нафақада бўлган фуқаролар стоматологик бирламчи тиббий хизматлардан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Давлатимиз томонидан олиб борилаётган кучли ижтимоий сиёсат доирасида кам таъминланган ва имтиёзли тоифадаги фуқароларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар аъзолари ҳамда жон бошига ойлик даромади минимал истеъмол харажатларининг икки бараваридан ошмайдиган оилалар аъзолари стоматологик касалликлар бўйича жарроҳлик амалиётисиз даволаниши ёки зарур ҳолларда жарроҳлик амалиётларини бепул ўтказиш имкониятига эга.

Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш доирасида 2026 йил 1 январдан бошлаб давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилган ҳудудларда аҳолига режалаштирилган стационар тиббий ёрдам электрон навбат асосида бепул хизмат кўрсатилади. Бунда солиқ тўловчилар, вояга етмаганлар, талабалар, ҳомиладор аёллар, ишсизлар, нафақа ёшидагилар ҳамда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” орқали кам таъминланган деб топилган шахслар ушбу имкониятдан фойдаланишлари мумкин.
Бугунги кунда Шофиркон туман тиббиёт бирлашмасида стоматологик хизматлар замон талаблари асосида, аҳолига яқин ва инсон манфаатларини устувор қўйган ҳолда ташкил этилган. Замонавий жиҳозлар, малакали мутахассислар ҳамда давлат томонидан яратилган имтиёзлар тизими туман аҳолисининг соғлом яшашига замин яратмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.