Замонавий спорт зали ёшлар ихтиёрида
Бухоро шаҳар 2-сон спорт мактаби ҳудудида барпо этилган замонавий дзюдо спорт залининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари ва спортчи ёшлар иштирок этди.
Унда таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда спортни ривожлантириш, ёш иқтидорли спортчиларни кашф этиш, уларнинг муносиб машғулотлар ўташлари учун замонавий спорт иншоотлари барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.



Спорт мактаби ўқувчилари, қолаверса, маҳалла ёшларига спорт билан мунтазам шуғулланиш имкониятини тақдим этаётган янги спорт иншооти 1 миллиард 850 миллион сўм маблағ эвазига бунёд этилиб, барча замонавий шароитлар яратилган. Замонавий залда иккита татами гилами, ўғил болалар ва қизлар учун алоҳида кийиниш хоналари, мураббийлар хонаси ва дзюдо спорт клубининг офиси жойлашган. Залда кунига 200 нафаргача спортчи шуғулланиши мумкин.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.