Мамлакатимизда барча соҳалар қатори спортга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, ёшларни спортга кенг жалб этиш, улар орасидан юртимиз шуҳратини дунёга танитадиган спортчиларни етиштириб чиқариш янги босқичга кўтарилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими томонидан спорт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг боришини кенг жамоатчиликка таништириш мақсадида матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазири Еркинбай Қутибаев сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида спорт соҳасини янада ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва қўллаб-қувватланиши натижасида қорақалпоғистонлик спортчиларнинг Осиё ва жаҳон чемпионатлари, халқаро мусобақаларда қўлга киритаётган ютуқларига тўхталди.
Таъкидланганидек, 2025 йилда қорақалпоғистонлик спортчилар Ўзбекистон, Осиё, жаҳон чемпионатлари ва кубоклари, халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этиб, 3 минг 851 та медални қўлга киритди. Шунингдек, спорт турлари бўйича мамлакатимиз терма жамоаси таркибига 959 нафар спортчи (548 нафари асосий ва 411 нафари захира таркибига) етказиб берилди. Бугунги кунда енгил атлетика, сузиш, бокс спорт турларидан Россия ва бошқа ҳудудлардан тажрибали мураббийлар таклиф этилмоқда.
2028 йили АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида ўтказиладиган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини ҳар томонлама пухта тайёрлашни ташкил этиш йўналишида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Шу жумладан, қорақалпоғистонлик спортчилардан мазкур Олимпия ўйинларига йўлланма олиш учун 52 нафар спортчи (35 нафари Олимпия ва 17 нафари Паралимпия ўйинларига) қизғин тайёргарлик кўрмоқда.
Шу билан бирга сўнгги йиллари Оролбўйида спорт иншоотларини қуриш ва реконструкция ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2023 йил 25 декабрдаги “2024 – 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида жами 4 та спорт объектига 52,2 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилиб, 3 та объектда қурилиш ишлари тўлиқ якунланди. Шундан, Нукус шаҳри “Турон” стадионини реконструкция қилиш, Нукус шаҳри “Қўсбулоқ” маҳалла фуқаролар йиғинидаги футбол академиясини капитал таъмирлаш, Нукус шаҳри “Тахиатош гузари” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Кураш маҳорати” спорт мактабини қуриш, Нукус шаҳри Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказини реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди.
– Ўн олти йилдан буён спорт гимнастикаси билан мунтазам шуғулланиб келаман, – дейди спорт устаси Богдан Бобониязов. – Ўтган йиллар мобайнида Россия Федерацияси, Чехия Республикасида бўлиб ўтган халқаро мусобақаларда иштирок этиб, фахрли ўринларни эгалладим. Ҳозирда, янги қуриб берилган гимнастика маркази барча инвентарлар билан таъминланган, халқаро талабларга жавоб беради. Биз ёшларга шундай шароит яратиб берган Президентимизга чексиз миннатдорлик билдирамиз.

Нукус шаҳрида Кураш маҳорат мактабининг фойдаланишга топширилиши спортга бўлган эътиборнинг ёрқин мисолидир. Кураш мактаби 2 миллиард 145 миллион 346 минг сўмлик замонавий инвентарь билан таъминланди. Ҳозирги кунда мактабда спортнинг кураш, эркин кураш, аёллар кураши, юнон-рум кураши турлари 10 нафар мураббий устозлик қилмоқда. 2025-2026 ўқув йилига Оролбўйининг барча шаҳар ва туманларидан 110 нафар ўқувчи қабул қилиниб, шундан, 90 нафари Нукус шаҳридаги 55-сонли умумтаълим мактабига ўқишга жойлаштирилди. Ўқувчилар ётоқхона, беш маҳал овқат, тиббий хизмат, кутубхона ва бошқа қулайликлар билан тўлиқ таъминланган. Мураббийлар томонидан кунига икки маҳал ўқув-машғулотлари ўтказиб келинмоқда.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари яқинда фойдаланишга топширилган Гимнастика маркази ҳамда Кураш маҳорат мактабида ёш спортчилар учун яратилган шароитлар билан танишди ва ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.