Бухоро вилояти Когон шаҳар ички ишлар бўлими ходимлари узоқ йиллар давомида эскирган бинода фаолият юритиб келди. Эски бинода ишлаш ҳам ходимлар учун ноқулай, ҳам аҳолига хизмат кўрсатиш жараёнида қийинчиликлар юзага келди. Шу боис сўнгги қисқа давр мобайнида мазкур бинода кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Иншоотни фойдаланишга топшириш муносабати билан ташкил этилган тадбирда сўз олган вилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Ботир Зарипов янги бино нафақат замонавий инфратузилма объекти, балки халққа хизмат қилиш, қонунийлик ва адолатни таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг амалий натижаси эканини таъкидлади.
Уч қаватли иншоот замонавий талаблар асосида тубдан янгиланиб, бугунги кунда ички ишлар бўлими нафақат хизматчилар, балки фуқаролар учун ҳам ҳар томонлама қулай ва замонавий шароитларга эга бўлди. Бинода ҳудуддаги тезкор вазиятни мунтазам таҳлил қилиш, жиноятчиликнинг олдини олиш, куч ва воситаларни самарали бошқариш, аҳоли мурожаатларига тезкор жавоб бериш учун барча зарур имкониятлар яратилган.

Иншоотда навбатчилик қисми учун алоҳида хоналар, бошқарув пункти, архив бўлими, жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш учун махсус қабулхона ташкил этилди. Хизмат хоналари янги мебеллар, компьютер жамланмалари, иситиш ҳамда ёзги совитиш тизимлари билан тўлиқ таъминланди. Муҳандислик-коммуникация тармоқлари, электр таъминоти, иситиш ва вентиляция тизимлари ҳам қайта кўриб чиқилиб, замонавий стандартларга мос равишда янгиланди.

Бинонинг ташқи ва ички қисмлари, шунингдек, шаҳарнинг асосий чорраҳалари ҳамда йирик кўчалар рақамли видеокузатув камералари билан жиҳозланди. Бу орқали бўлинма навбатчилик қисмида туну-кун назорат олиб бориш имконияти яратилди.
Қурилиш-таъмирлаш ишлари “Сайёд инвест қурилиш лойиҳа” масъулияти чекланган жамиятнинг лойиҳа-муҳандислари ва қурувчилари томонидан амалга оширилди. Мазкур ишларга жами 2 миллиард 800 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири