ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти Ёзёвон туманидаги 1-политехникумда таълим сифатини ошириш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.
Муассаса “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида икки маротаба ғолиб бўлиб, жами 2,2 миллиард сўмга яқин маблағ эвазига моддий-техник базасини янгилади. Лойиҳа доирасида вилоятда биринчилардан бўлиб, бу ерда замонавий автомобилларни амалий бошқариш ўқув майдони барпо этилди. Шунингдек, АКТ хоналари учун моноблоклар, интерактив панеллар, смарт-телевизорлар, замонавий тикув машиналари, автотренажёр ҳамда парта ва стуллар харид қилинди. Муассаса бўйлаб 20 та видеокузатув камераси ўрнатилди, бинога 20 киловаттли қуёш панели жойлаштирилди.

Политехникумда 631 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Ёшлар электромобилларга техник хизмат кўрсатиш, автомобилларни таъмирлаш, тикувчилик, мактабгача таълим тарбияси, ташишларни ташкил этиш, электр ва электромеханик ускуналарни эксплуатация қилиш ва хизмат кўрсатиш каби йўналишларда билим олмоқда. Таълим жараёни 22 нафар педагог ва 18 нафар ишлаб чиқариш таълими устаси томонидан олиб борилмоқда.

Тикув устахонасида тайёрланаётган маҳсулотлар кўргазмаларда намойиш қилиниб, сотувга чиқарилмоқда. 74 нафар ўқувчи “Устоз-шогирд” анъанаси асосида темир маҳсулотлари ва махсус иш кийимлари тайёрлашга жалб этилган.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА