ФОТОРЕПОРТАЖ
Янги Наманган туманидаги “Атанган гузар” маҳалласида жойлашган 61-мактаб қайта қурилиб, замонавий кўринишда фойдаланишга топширилди.
Мазкур таълим муассасаси 1995 йилда барпо этилган бўлиб, йиллар давомида синф хоналари таъмирталаб ҳолатга келиб қолган эди. Шунингдек, хоналарининг камлиги ўқувчилар ва ўқитувчилар учун ноқулайликлар туғдириб келган. Ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида мактабни тубдан реконструкция қилиш бўйича давлат инвестиция дастури асосида лойиҳа амалга оширилди.
[gallery-21554]
Қурилиш ишлари натижасида мактабнинг умумий сиғими 272 ўриндан 480 ўрингача кенгайтирилди. Янги бино барча замонавий талабларга жавоб берадиган тарзда қурилиб, синф хоналари замонавий техника воситалари билан жиҳозланди. Энди ўқувчилар барча қулайликларга эга кенг ва шинам синф хоналарида таълим олади.
Бинонинг фойдаланишга топшириш маросимида туман ҳокими ва секторлар раҳбарлари, таълим соҳаси ходимлари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этди. Унда сўз олганлар замонавий шароитга эга мактаб таълим сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА