French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Замонавий саломатлик маскани иш бошлади
16:46 / 2025-11-21

Бухоро вилояти Қоракўл туманининг чегараолди ҳудудлардан бири ҳисобланган “Чандиробод” маҳалла фуқаролар йиғинида замонавий талабларга жавоб берадиган оилавий шифокорлик пункти фойдаланишга топширилди.

– Чандиробод аҳолиси йиллар давомида 1978 йилларда қурилган, бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган эски бинода хизмат олиб келаётган эди. Аҳолининг сайёр қабулларда билдирган мурожаатларини инобатга олиб, янги шифокорлик пунктини қуриш ишлари дастурга киритилди. Бугун биз нафақат янги бинони топширяпмиз, балки инсон саломатлигига қаратилган эътиборнинг амалий ифодасини кўряпмиз, – дейди туман ҳокими Хуршид Тохиров.

Ҳақиқатан ҳам, 50 қатновга мўлжалланган янги бино замонавий тиббиёт муассасасига хос барча шароитларга эга. Ёруғ ва иссиқ хоналар, қабул бўлимлари, эмлаш хонаси, патронаж хоналари, кенг кутиш зали, шунингдек, зарур диагностика жиҳозлари ўрнатилди. Бу эса тиббиёт ходимларининг самарали фаолият юритиши, аҳолининг эса қулай ва сифатли тиббий хизматдан фойдаланиши учун мустаҳкам замин яратади.

Шунингдек, муассаса тўлиқ “Давлат тиббий хизматлари рақамлаштириш тизими”га уланган. Эндиликда беморлар навбатда ортиқча вақт йўқотмайди, барча жараёнлар электрон тарзда амалга оширилади. Кўрсатиладиган хизматлар эса тез, шаффоф ва бепул тарзда тақдим этилади.

Янги бино 1,5 миллиард сўм маблағ ҳисобидан барпо этилган бўлиб, мазкур лойиҳа давлатимиз раҳбари томонидан аҳолининг, айниқса, олис ва чегара ҳудудларида яшовчи фуқароларнинг тиббий хизматдан фойдаланиш шароитларини яхшилаш борасида олиб борилаётган тизимли ислоҳотларнинг амалий натижаларидан биридир.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.