Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Замонавий раҳбар қандай бўлиши керак?
12:16 / 2024-01-23

Ахборот асрида яшар эканмиз глобал сиёсий-ижтимоий тенденциялар барча соҳаларда инновацияларни жорий қилишни талаб этмоқда. Замонавий менежмент, ижтимоий бошқарув тизими олдига ҳам янги талабларни қўймоқда.

Инновацион тафаккурга эга, ташаббускор, харизматик раҳбарларни тайёрлаш тизимини яратиш янгиланаётган Ўзбекистоннинг стратегик вазифаларидан ҳисобланади. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Раҳбарлар фақат давлатга эмас, аввало, инсон ва оилага, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилиши керак."  

Адолатли бошқарув, адолатли жамият ғояси азалдан ижтимоий тафаккур диққат марказида бўлган. Платон, Аристотел, Эразм Роттердамский, Форобий, Алишер Навоий, Вольтер, Руссо, Шарль Монтескьё, Жон Локк, Николло Макиавелли, Томмазо Кампанелла, Томас Гоббс, Макс Вебер асарларида бошқарув қарорларини қабул қилиш, сиёсий ирода, ҳокимиятни адолатли тақсимлаш, раҳбар маънавияти масалалари илмий-фалсафий талқин қилинади.  

Ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамияти, ҳокимият бўлиниши тамойили назариётчиларидан бири Жон Локк давлатнинг келиб чиқишини барча фуқароларнинг розилиги билан тузилган ўзаро келишув фаразига асослайди. Умумий эркинлик, раҳбар адолатпарварлиги, инсонлар чексиз ҳокимиятнинг ўзбошимчалик ва инжиқлигига эмас, фақат қонунларга бўйсуниши, деспотизм ҳолатида ҳар ким ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш эркинлигининг бузилиши, суверен ҳуқуқлар муаммоларини таҳлил қилади.  

Бошқарувда раҳбарнинг шахсий фазилатлари катта ижтимоий аҳамиятга эга. Бошқарув қарорларини қабул қилиш, бошқаларга таъсир кўрсата олиш сиёсий ирода, ижтимоий интеллект, маънавий-ахлоқий билимларни талаб қилади.  

Шу ўринда улуғ соҳибқирон, марказлашган давлат асосчиси, тактик ва стратегик билимлар соҳиби Амир Темурнинг бошқарувга оид фикрларини келтириш жоиз:  

“Очиқ юзлилик, раҳм-шафқат билан халқни ўзимга ром қилдим. Адолат билан иш юритиб, жабр-зулмдан узоқроқда бўлишга интилдим.  

Мен сифатларимнинг энг аввалгиси деб беғаразликни тушундим. Ҳаммага бир хил: жиддий ва одил қарадим, ҳеч бир кимсани бошқасидан фарқ қилмадим, бойни камбағалдан устун қўймадим.  

Яхшиларга яхшилик қилдим, ёмонларни эса ўз ёмонларига топширдим. Ким менга дўстлик қилган бўлса дўстлиги қадрини унутмадим ва унга мурувват эҳсон, иззату икром кўрсатдим”.  

Мамлакатимизда давлат хизмати тизимини такомиллаштириш соҳасидаги маъмурий ислоҳотларнинг самарадорлиги раҳбарнинг касбий тайёргарлик даражаси, профессионал компетенциялари, шахсий фазилатлари ва манфаатларининг давлат манфаатлари билан уйғунлигига боғлиқ.  

Ижтимоий-маънавий барқарор корпоратив муҳитни яратишда менежмент, андрагогика, ижтимоий педагогика, бошқарув психологияси услубларидан фойдаланиш яхши самара беради. Ҳақиқий ютуққа эришиш учун қадриятларни эълон қилиш етарли эмас, уларни корпоратив бошқарувга изчил татбиқ этиш зарур.  

 

Моҳира Холиқова,  

Тошкент шаҳар педагогларни  

янги методикаларга ўргатиш  

миллий маркази директори,  

фалсафа доктори, доцент  

ЎзА