Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар сони ортмоқда
19:18 / 2023-05-05

Президент ташрифидан сўнг...

Бугун дунё қурилиш саноатида янги турдаги инновацион материаллар ишлаб чиқаришга эътибор ортмоқда. Шундай йўл тутиш бунёдкорлик ишларининг сифати ўсиши ва нархларнинг нисбатан тушишига замин бўлмоқда.

Мамлакатимизда ҳам сўнгги беш-олти йилда замонавий, импорт ўрнини боса оладиган, жаҳон бозорида талабгир қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тадбиркорларимиз томонидан ўзлаштирилди. Бу жараён изчил давом этмоқда.

Газоблок, пеноблок, гулқоғоз, шиша толали композит шифер, юмшоқ том ёпқич материаллар, иссиқлик сақловчи қопламалар, базальтдан тайёрланадиган кўп турдаги маҳсулотларга бугун талаб жуда юқори.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Сирдарёда қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи йирик корхоналар сони ортмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев яқинда – 7 апрель куни ушбу вилоятга ташрифи давомида 6 та янги корхонанинг ишга туширилиш маросимида иштирок этди. Янги ишлаб чиқариш объектларидан бири – “Евроазия газ бетон” қурилиш корхонаси.

Замонавий технологиялар билан жиҳозланган корхонада Нидерландия технологияси асосида йилига 450 минг куб газобетон ишлаб чиқариш қуввати мавжуд.

Аслида газобетон бетоннинг бир тури саналади. Шундай экан, бунинг замонавийлиги нимада деган савол туғилади. Бу маҳсулотнинг таркибида бир-икки миллиметрли пуффакчалар бор. Улар бетоннинг нисбатан енгил, зарур даражада мустаҳкам, иссиқ-совуқдан ҳимояловчи хусусиятларини оширади. Шуни ҳисобга олиб бу маҳсулотни сунъий тош, деб ҳам аташади.

Мутахассислар фикрига кўра, ушбу қурилиш материалини тайёрлаш ҳам оддий бетон ишлаб чиқаришга қараганда сезиларли энергия тежамкор саналади. Масалан, табиий газ сарфи сезиларли даражада кам. Бундан ташқари, унга унумдор тупроқ ишлатилмайди. Бу эса пишиқ ғишт ишлаб чиқаришдан бир неча баробар афзалликни ҳосил қилади.

– Лойиҳамизнинг умумий қиймати 22 миллион доллар, – дейди корхона раҳбари Шерзод Вафоев. – Хориждан замонавий асбоб-ускуна ва жиҳозлар келтириб ўрнатдик. Заводимиз ўзига хос горизонтал кесиш технологияси асосида ишлайди. Ҳозир йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини 250 миллиард сўмга чиқара оламиз. Экспорт ҳажмини эса 6 миллион долларга етказиш ниятидамиз. Корхонамизда юзта янги иш ўрни яратилган.

Сирдарёда ўтган йил мобайнида инвестиция дастури бўйича жами 117 та объект қуриб битказилган. Шунингдек, йигирмата беш қаватли 400 хонадонлик турар жой мажмуаси фойдаланишга топширилган. “Обод қишлоқ” дастури доирасида эса 67 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилган. Эътиборлиси, ҳудудда қурилиш, ободонлаштириш ишларининг кўлами жорий йилда ҳар жиҳатдан янада кенгайган.

Бу шароитда қурилиш материалларига талаб юқори бўлиши табиий. Зарур маҳсулотлар ўзимизда ишлаб чиқарилаётгани, импортга ҳожат қолмаётгани масаланинг муҳим томони саналади.

Икром АВВАЛБОЕВ,

ЎзА  мухбири