Мактаб ва мактабгача таълимни ривожлантиришда соҳа вакиллари педагогик тажрибасининг мунтазам оширилиши муҳим аҳамиятга эга.
Жорий йил 15 май куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида таълимда сифат бўлиши учун энг аввало педагогларни тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими бунга тайёр бўлиши кераклиги таъкидланган эди.
Ана шу йиғилишда берилган топшириқ ижроси бўйича Хоразм вилоятининг барча шаҳар ва туманларидан бир гуруҳ турли фан ўқитувчилари хорижда малака ошириб қайтишди.
Маълумотларга кўра, вилоятда мактаб таълими тизимидаги 133 нафар ўқитувчи - педагог жорий йилда Хитой, Малайзия, Буюк Британия, Франция ва Озарбайжон каби хорижий давлатларда ўз малакасини ошириб келишди.

Хусусан, шу ойда ҳам хоразмлик педагоглардан иборат делегация Хитойда бўлиб қайтди. Ташриф доирасида делегация хитойлик педагоглар билан тажриба алмашиб, уларнинг таълим муҳитини ўрганишди. Шунингдек, сафар давомида келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари, педагоглар салоҳиятини ошириш, методик қўллаб-қувватлаш ҳамда таълим муассасалари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш масалалари юзасидан Хоразм вилоят мактабгача ва мактаб таълим бошқармаси ҳамда Хитой Халқ Республикаси Чжэзян(Zhejiang) провинсиясининг Анжи туман таълим бошқармаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
– Мазкур ташриф вилоятимизда мактабгача таълим сифатини халқаро тажрибалар асосида ривожлантиришга хизмат қилмоқда, – дейди Хоразм вилоят мактабгача ва мактаб таълим бошқармаси бошлиғи ўринбосари Турсунбек Нурметов. – Мазкур меморандум мактабгача таълим соҳаларида илғор тажрибаларни ўрганиш, инновацион ёндашувларни жорий этиш ҳамда таълим сифатини янада юксалтиришга хизмат қилади. Эндиликда ушбу ҳамкорлик доирасида ўқув-семинарлар, тажриба алмашиш дастурлари, қўшма лойиҳалар ва малака ошириш ташрифларини ташкил этиш режалаштирилган.
Дарҳақиқат, бу каби меморандумлар Хоразм вилоят мактаб ва мактабгача таълим тизимини халқаро даражада ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиб, икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

– Давлатимиз раҳбари ҳам истеъдодли ёшлар тарбиясига эътибор қаратиб, “Юртимизда яшаётган ҳар бир боланинг ўзига хос қобилияти ва истеъдодини ўз вақтида пайқаш, тарбиялаш ва юзага чиқариш нафақат ота-онанинг эзгу мақсади, балки жамият ва давлатнинг бурчи эканлигини унутмаслик керак”, – деган эдилар, – дейди педагог Санобар Қурёзова. – Шу йил Озарбайжонда бўлиб, у ерда мактабларига бориб кўрдик. Уларнинг таълим тизими билан яқиндан танишдик. Қолаверса, ўзимизнинг миллий таълим тизими ҳақида ҳам уларга тушунчалар бердик. Чунки, сунъий интелект имкониятлари ҳамда инновацион ўқитиш услублари, инклюзив таълим методлари хорижий тажриба асосида олиб борилса миллий таълимнинг янада юқори босқичга кўтарилишига хизмат қилади. Қисқаси, жуда самарали тарзда тажриба алмашдик.
Замонавий таълимнинг муҳим йўналишларидан бири мактабгача таълимдир. Вилоятда ушбу йўналишда мутахассислар тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини хорижда оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, бу борада халқаро ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши рақамли технологияларни таълимда қўллаш бўйича тажрибаларни ошириш, замонавий педагогик методикалар билан танишув ва бошқа долзарб масалалар, маҳоратли педагогларнинг очиқ мулоқот ва фойдали тажриба алмашинувида муҳим самара бермоқда.

– Бу борада янги педтехнологияларни жорий қилган ҳолда назария билан амалиётни бир-бирига чамбарчас боғлиқ равишда олиб бориш муҳим аҳамиятга эга, – дейди Хоразм вилоят педагогик маҳорат маркази директори Жасурбек Солаев. – Шу боис, марказимизда таълимда рақамли технологиялар ҳамда замонавий методикалардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида хорижда тажриба ошириб қайтган педагоглар иштирокида “Маҳорат дарслари” ташкил этилиб, Россия, Хитой, Озарбайжон ҳамда Малайзия давлатларининг таълим тизими асосида машғулотлар олиб борилмоқда. Педагогларнинг хорижда ўрганган таълим методлари асосида ташкил этилган бу дарслар ўзига хос тажриба алмашиш майдони бўлмоқда.
Хорижий тажриба асосида олиб борилган дарс машғулотлари педагогларга бевосита касбий ривожлантириш услубларини жорий этишга имкон бермоқда.
Хорижда малака оширишнинг яна бир муҳим жиҳати бу чет тилларини ривожлантиришдир. Амалий муҳитда тил билимини ошириш педагогга халқаро манбалардан фойдаланиш, илмий мақолалар ўқиш ва хорижий ҳамкасблар билан эркин мулоқот қилиш имконини беради.
– Ҳақиқатдан ҳам хорижда малака оширган педагог ўз фанини халқаро стандартлар асосида чуқурроқ ўзлаштиради, дунёқараши кенгаяди, – дейди Урганч шаҳридаги 18-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти директори Сайёра Раҳмонова. – Хорижий тажриба орқали педагоглар инновацион ўқитиш усуллари, рақамли технологиялар ва интерфаол методларни ўрганадилар. Чет тилларини амалиётда қўллаш имконияти пайдо бўлади, касбий терминология мустаҳкамланади. Халқаро янги ғоя ва ёндашувларни ўрганиш имкони туғилади. Янги муҳит педагогни илҳомлантиради ва ишга бўлган қизиқишини оширади.
Хулоса қилиб айтганда, хорижда олинган тажриба таълим сифатининг ошиши, ушбу билим ва кўникмаларни ўз юртида жорий қилиш орқали вилоятда бугунги кунда инновацион ўқув услубларининг кенг жорий этилиши, халқаро таълим стандартларига мос равишда келажак эгаларини тарбиялаш имконини бермоқда.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари