ФОТОРЕПОРТАЖ
Юртимизда илм-фан, маданият ва спорт соҳаларида юксак ютуқларга эришиб, ёшларга ибрат бўлаётган қизлар сони ортиб бормоқда. Ана шундай иқтидор соҳибаларидан бири – Сурхондарё вилояти Денов шаҳрида туғилиб, спорт майдонларида матонати билан танилган Рината Илматова.
Рината Илматова 2023 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган. Бу мукофот унинг ёшлар учун ибратли фаолияти, меҳнатсеварлиги ва спортдаги ютуқларининг юксак эътирофидир.
Спортчи қиз самбо, миллий кураш ва дзюдо йўналишларида кўп маротаба Ўзбекистон чемпиони бўлиб, 2016 йилдан буён юртимиз спорт майдонларида етакчилардан бири сифатида эътиборга тушган. 2017 йилда Истанбулда ўтказилган жаҳон чемпионатида фахрли 3-ўринни қўлга киритиб, халқаро миқёсда ҳам ўз салоҳиятини намоён этди.
Кейинги йилларда ҳам унинг муваффақиятлари давом этди. 2018 йилда Ўзбекистон чемпионатида ғолиб бўлди ва шу йили Ҳиндистонда ўтган Осиё чемпионатида 2-ўринни қўлга киритди. 2022 йилда Осиё ўйинлари – Хангжоуда кумуш медаль, 2024 йилда Гонконгда ўтказилган Осиё чемпионатида 3-ўринни эгаллади. 2019 йилдан буён у халқаро тоифадаги спорт устаси унвонига эга.
Рината Илматова фақатгина мусобақалар билан чекланмай, жамоатчилик ишларида ҳам фаол. У Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги “Ёшлар парламенти” аъзоси сифатида ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш йўлида самарали фаолият олиб бормоқда.
Бугунги кунда Р. Илматова ўз бой тажрибасини ёш авлодга ўргатишни асосий мақсадларидан бири деб билади. 2025 йилдан бошлаб у Денов тадбиркорлик ва педагогика институтида кураш спорти бўйича мураббий сифатида фаолият юритиб, ёшларга спорт сирларини ўргатиб келмоқда.
[gallery-28052]
Меҳнатсеварлиги, камтарлиги ва юксак интилишлари билан Рината ёшлар учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади. У ўз фаолияти билан замонавий ўзбек қизининг билимли, матонатли ва мақсадга интилувчан тимсолини намоён этади. Шу маънода, Рината Илматова ҳақиқий Зулфияхоним издоши – юртига содиқ, меҳнатсевар ва келажак авлодга ибрат бўлаётган ёрқин шахслардан биридир.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА