Фарзандларингизнинг География фани дарсликлари муқовасига қарасангиз «Паттоҳ Баратов» ёзувига кўзингиз тушади. Шундан кўриниб турибдики, Паттоҳ Баратов илм дунëсида олтмиш йилдан бери хизмат қилиб келаётган, ёш авлод вакилларининг география фани миқёсида сабоқ олишида юксак ҳисса қўшган олимдир.
Профессор Паттоҳ Баратов бу йил 90 ёшни қарши олди. Қаҳрамонимиз ва унинг яқинлари ҳақида биз билмаган ҳақиқатларни олимнинг шогирдлари, дўсту биродарлари гапириб берди.
– Мен 1995-2000 йиллар мобайнида «Ўқитувчи» нашриётининг педагогика ва психология фанлари таҳририятида фаолият кўрсатганман, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Баҳром Рўзимуҳаммад. – Профессор Паттоҳ Баратовнинг асарларини кўздан кечираётиб, кўпгина янгиликларга, мантиқли мулоҳазаларга дуч келганман. Жумладан, ҳаммуаллифликда битилган «Ўрта Осиё дарёларининг хўжалик аҳамияти» номли китобида Орол денгизи қуриб боришини табиий жараён эмаслигини ҳеч шошилмасдан, эҳтиросларга берилмасдан факт ва рақамлар асосида исботлаб берган. Уларнинг фикрича, Орол денгизи сув сатҳининг пасайиб кетиши Ўрта Осиё халқ хўжалиги учун анча зарардир. Чунки, денгизнинг шўр кўлга айланиши, энг аввало, сув транспортига, балиқ хўжалигига ва айниқса денгиз атрофидаги микроиқлимга салбий таъсир қилади.
Профессор П.Баратов 1970 йиллардаёқ Орол қуриса нималар содир бўлишини башорат қилган экан. Афсуски, аксарият журналистлар домланинг китобларини ўқимаганлар, тадқиқотларига эътибор қаратмаганлар. Ана шунинг учун ҳам уларнинг мақолаларида, образли йўсинда айтганда, илмий далиллар миноралари кўзга чалинмаган. Яқинда биз домла хонадонига бориб, у билан суҳбатлашдик. Суҳбат асносида ойдинлашдики, профессор Баратов замонавий география отаси экан. Унинг номзодлик диссертациясига Москва Давлат университети профессори, география фанлари доктори Николай Гвоздеский раҳбар бўлган. У 1960 йилнинг 30 мартида Озарбайжон давлат университети қошидаги ихтисослашган Илмий кенгашда диссертация ҳимоя қилган. Ўшанда П.Баратовни россиялик ва озарбайжонлик нуфузли олимлар баравар олқишлаган экан. Орадан икки йил ўтгач, унга доцент илмий даражаси берилган.
Домланинг умумтаълим мактаблари ва олий ўқув юртлари ўқувчилари ҳамда талабаларига мўлжаллаб нашр эттирган дарслик ва ўқув қўлланмалари салмоғига назар ташлаб, уни ўзбек замонавий географиясининг отаси, дейиш мумкин. Тўқсон билан тўқнашаëтган Баратов домла ҳозирга довур талабаларга сабоқ бериб чарчамайди.
– Бўстонлиқ туманидаги Сойлиқ қишлоғида туғилиб, ўсганман, – деди Ўзбекистон Халқ табобати академияси аъзоси, биология фанлари номзоди Абдисадир Тўлаганов. – Тошкентга ўн тўрт ёшимда келдим. Амаким Паттоҳ Баратовнинг уйида оила аъзосидек яшадим. Нафақат амаки, ота ўрнидаги қадрдонимиз дейишим мумкин. Келинойимиз Рихсихон ая кийим-кечакларимизни ювиб дазмоллаб чўнтакларимизга пул солиб ҳам қўярди. Аксарият қариндош-уруғларнинг фарзандларини олий маълумотли бўлишига улкан ҳисса қўшган. Фидойи олима, гўзал инсон эди.
Амаким келинойимиз билан бирга Шавкат, Фурқат, Ғайрат ва Дилшод исмли тўрт ўғилни вояга етказдилар. Улар олим ва тадбиркор бўлиб етишдилар. Ўзимча ўйлаб амакимнинг етук олим даражасига чиқишига келинойимиз ҳам катта ҳисса қўшган, деган хулосага келаман. Мен амаким сийратида, келинойимнинг ички дунёсида улкан гўзалликни кўрдим, малоҳатни, саховатпешаликни кўрдим. Бу муболаға эмас, айни ҳақиқатдир.
– Паттоҳ домла илмий ишларида 1970 йиллардаёқ бугунги сув танқислигини, Орол фожиасини башорат қилган эди, – деди техника фанлари доктори, профессор Ойбек Орифжонов. – Жумладан, олимнинг 1969 йилда «Фан» нашриётида чоп этилган «Денгизда сув етишмаганда» номли китобида Орол денгизи сув сатҳининг пасайиб боришининг олди олинмаса келажакда глобал экологик муаммолар одамзод саломатлигига соя солиши мумкинлиги айтилган эди. Аммо, афсуслар бўлсинки, мазкур соҳага тегишли ташкилотлар раҳбарлари огоҳлик қўнғироқларини эшитмадилар. Эшитгилари келмади. Агарда ўша йилларда улар ҳушёр тортсалар, Орол денгизи сақлаб қолинган бўларди. Оғир дамларда Баратов домлани рафиқаси Рихсихон ая қўллаб-қувватлади.
Асабийлашган дамларда овунтирди.
Домланинг 1970 йилларда чиққан китоблари ҳамон кадр-қимматини йўқотган эмас. Хусусан, Ўрта Осиё тоғлари, дарёлари, чўллари тўғрисидаги китоблари кўп нусхаларда нашр қилинса, дўконларда туриб колмайди, деб ўйлайман. Хулоса шуки, мумтоз ва замонавий география фанлари оммалаштирилиши лозим. Ана ўшанда Баратов домлани олим сифатидаги даражаси яққол ойдинлашади.
Гулноза Бобоева, ЎзА