Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 21 сентябрдаги “Сирдарё вилоятининг Сирдарё, Гулистон ва Сайхунобод туманлари ҳамда Янгиер шаҳрида ичимлик сув таъминотини ҳамда 5 та туман марказларида оқова сув таъминотини яхшилаш чора‑тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ, Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида ишлаб чиқилган лойиҳа бўйича Гулистон тумани марказида замонавий канализация тизимини барпо этиш ишлари режалаштирилмоқда. Мазкур лойиҳа Жаҳон банкининг 7,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Бугунги кунда лойиҳани амалга ошириш бўйича Хитой Халқ Республикасининг “AIM Texas Trading, LLC” (AIMONG) компанияси билан икки томонлама шартномалар имзоланган. Шартномага асосан туман ҳудудида 36 415 метр узунликда канализация тармоғи, 4 та ер ости насос станцияси ва 1 та замонавий оқова сувларни тозалаш иншооти қурилиши кўзда тутилган.

Гулистон тумани ҳокими Олимжон Жўраев Хитойнинг йирик компанияси раҳбари билан учрашув ўтказиб, қурилиш босқичлари, молиялаштириш масалалари ва замонавий технологияларни жорий этиш имкониятларини атрофлича муҳокама қилди.
Учрашув якунида томонлар лойиҳани белгиланган муддатларда сифатли амалга ошириш, қурилиш жараёнида экологик талабларга қатъий риоя этиш ва аҳоли учун қулай, ишончли инфратузилма яратиш бўйича келишиб олдилар.

Эътиборли жиҳати, мазкур лойиҳа 2024 йил март ойида “AIM Texas Trading, LLC” билан тузилган шартнома асосида трассалар оптималлаштирилган ва техник топшириқлар асосида ишлаб чиқилган.
Лойиҳа амалга оширилганидан сўнг, Гулистон тумани аҳолиси ва ижтимоий объектлар замонавий, қулай ва хавфсиз канализация инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Бу нафақат санитария-эпидемиологик ҳолатни яхшилайди, балки маҳаллий инфратузилмани модернизация қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда туризм ва тадбиркорликни ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири