Замонавий оилавий шифокорлик пункти иш бошлади
Олот тумани “Ёш Ботир” маҳалла фуқаролар йиғинида “Чорбоғ” оилавий шифокорлик пункти қайта фаолият бошлади. Таъмирлаш ишлари учун вилоят ҳокимлиги томонидан 464 миллион сўм маблағ сарфланди. Қурилиш-таъмирлаш ишлари “Сардор бунёдкор плюс” МЧЖ томонидан сифатли ва белгиланган муддатда амалга оширилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар маҳалла аҳолиси учун яратилаётган қулай шароитлар, тиббий хизмат сифатини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб, бундай лойиҳалар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Мазкур тиббиёт маскани бир кунда 75 нафар беморга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Бу эса нафақат Ёш Ботир маҳалласи, балки атрофдаги қишлоқлар аҳолиси учун ҳам фойдадан холи эмас. Ўз навбатида, маҳалла фаоллари кўрсатилаётган эътибор, тезкор ва амалий ёндашувдан мамнун эканликларини билдириб, масъулларга ўз миннатдорликларини изҳор этди.


Зариф Комилов, ЎзА мухбири.