French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Замонавий музейшунослик масалалари: фан, таълим ва амалиёт
18:57 / 2021-03-31

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 29 январь куни Ислом цивилизацияси марказига ташрифи чоғида музейшунослик соҳасининг ривожига доир устувор вазифалар белгилаб берилган эди.

Бугунги кунда дунёнинг кўплаб музейларида халқимиз моддий ва маданий меросининг ажралмас қисми бўлган нодир қўлёзмалар, турли тарихий буюмлар, осори-атиқалар сақланмоқда.

Ушбу экспонатларни чуқур ўрганиш, улар ҳақида халқимизга тўлақонли маълумот бериш, шу билан бирга, дунё музейларида фойдаланилаётган инновацион янгиликлар билан яқиндан танишиб, уларни юртимизда ҳам кенг жорий этиш бугунги кун музейшунослиги олдида турган долзарб масалалардан ҳисобланади.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида «Замонавий музейшунослик масалалари: фан, таълим ва амалиёт» мавзуида онлайн тарзда ўтказилган халқаро илмий семинарда шу ҳақида сўз борди.

Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбекистон тарихи давлат музейи билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуманда институт ректори Н.Сайфуллаев, Ўзбекистон Бадиий академияси Бош илмий котиби

Ф.Обиджонова юртимиз тарихи, бой маданий меросини ўрганиш, уни халқимиз ҳамда келажак авлодга етказишда музейшуносларнинг ҳам ҳиссаси катта эканлигини, бугунги кунда юртимиз музейларининг аудиториясини кенгайтириш, халқаро миқёсдаги нуфузини мустаҳкамлашда ўзаро ҳамкорлик алоқалари муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Шунингдек, Озарбайжон тарихи миллий музейи директори Н.Велиханли, Халқаро музейлар кенгашининг Туркия миллий қўмитаси раиси Б.Гунулташ Ўзбекистонга оид моддий ва маданий меросга дунё мутахассисларининг қизиқиши юқорилиги, бугунги кунда жаҳоннинг кўплаб нуфузли музейларида сақланаётган бу каби экспонатлар бир қанча мутахассислар томонидан ўрганилаётгани ҳамда ушбу тадқиқот натижалари музейшунослик фанининг ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётганига алоҳида эътибор қаратди.

Илмий семинарда юртимиз мутахассислари билан бир қаторда Туркиянинг Анқара Жумҳурият музейи, Истанбул археология музейи, Газиантеп музейи, Галата Мавлавийхонаси музейи, Озарбайжон тарихи миллий музейи директорлари, илмий ходимлари, соҳага ихтисослашган олий таълим муассасалари вакиллари маърузалар билан иштирок этди.

– Музейлар ва музейшунослик масалаларининг халқаро доирада муҳокама қилиниши соҳанинг келгуси ривожи учун муҳим жараён ҳисобланади, – деди Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори, тарих фанлари доктори, профессор Жаннат Исмоилова. – Семинар илмий янгиликлар муҳокамаларга бой бўлди, соҳада фаолият олиб бораётган ёш мутахассислар учун улкан тажриба майдонига айланди.

Семинарда соҳа мутахассислари томонидан тақдим этилган Ўзбекистон маданий мероси дунё музейлари тўпламларида сақланишига оид маълумотлар, музейшунос мутахассисларни тайёрлашда миллий тизим ва хорижий тажрибалар таҳлили, тарихий биноларда музейлар фаолиятини ташкил этишнинг ўзига хос услублари каби кўплаб маърузалар замонавий музейлар ва музейшунослик соҳасининг олдида турган илмий-амалий вазифалар ечимида муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиздир.

А.Худойқулов, ЎзА