Шу йилнинг 7-10 февраль кунлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги томонидан “Замонавий мактаб лидерлар нигоҳида” лойиҳаси доирасида семинар-тренинглар ўтказилмоқда.
Тадбирдан кўзланган мақсад агентлик тизимидаги мактаблар директорлари тажрибасини умумтаълим мактаблари раҳбар кадрлари билан бўлишишдан иборатдир.
Мазкур тренинглар мактаб раҳбарларини замон билан ҳамнафас, жаҳон стандартларидан хабардор, жамоасини бир мақсад атрофида бирлаштира оладиган ҳақиқий лидерлар этиб тайёрлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Унда мамлакатимизнинг 10 минг 104 нафар мактаб директори иштирок этаяпти.
[gallery-10477]
Тренинглар доирасида таълимни ривожлантиришнинг устувор мақсади ва янгича ёндашуви билан таништириш, мактабни ривожлантириш стратегиясини (истиқбол режа) шакллантиришда таълим тизимининг мақсад ва қадриятларини асос қилиб олиш, мактаб стратегиясини ишлаб чиқишда мактаб жамоасини жалб этиш каби масалалар кўзда тутилган.
Тренинглар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида бир вақтда бўлиб ўтаяпти.
Ушбу лойиҳа доирасида жорий йилнинг 28 январидан бошлаб “Лидерлар ҳафталиги” семинар-тренингларига старт берилган эди.
Унда Агентлик тизимидаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларининг 130 нафар раҳбар кадрлари иштирок этди. Мазкур семинар умумтаълим мактаблари директорлари учун узоқ муддатли стратегия ва устувор вазифаларни белгилаш, жамоада соғлом муҳит яратиш, самарали таълим тамойиллари, лидерлик кўникмаларини ривожлантиришни кўзда тутгани билан аҳамиятли.
ЎзА