Наманганда Халқ таълими вазирлиги ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ҳамкорлигида умумтаълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини тайёрлаш ҳамда мавзуга оид бошқа жараёнлар тафсилоти билан оммавий ахборот воситалари ходимларини таништириш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 майдаги “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий ўқув йилидан бошлаб халқ таълими масканларида ўқувчилар учун ягона мактаб формасини тўлиқ жорий этиш белгиланган.
Халқ таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамованинг журналистларга маълум қилишича, ҳукумат томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида бугунги кунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда мактаб формаларига бўлган талаблар ўрганиб чиқилди. Бунинг натижасида, янги ўқув йилида ҳудудлар кесимида давлат мактабларида таҳсил олувчи 6 миллион 620 минг нафар ўқувчи учун формага бўлган эҳтиёж мавжудлиги аниқланди.
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси томонидан маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда ушбу аниқланган кўрсаткичлар доирасида мактаб формаларини тайёрлаш жараёнлари олиб борилмоқда. Бунда энг аввало, уюшма томонидан юртимиздаги мавжуд тўқимачилик корхоналарининг салоҳияти ва имкониятлари ўрганиб чиқилди ва 500 дан ортиқ турли иш ҳажмига эга ишлаб чиқариш корхоналари танлаб олинди. Айни вақтда мазкур тикувчилик марказларида мактаб формаларини тайёрлаш ишлари белгиланган тартиб ва стандартлар асосида олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Наманган вилояти халқ таълим бошқармаси томонидан вилоятдаги барча таълим масканларида янги ўқув йилидан мактаб формасини жорий этилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар режаси белгиланган бўлиб, шу асосида изчил фаолият олиб борилмоқда.
Хусусан, мактаб формаси, унинг афзалликлари, ўқувчи дунёқараши ва таълим жараёнларидаги аҳамияти ҳақида видеороликлар тайёрланиб, оммавий ахборот воситалари, шу жумладан интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритиш йўлга қўйилди.
Ҳукумат қарори ижросини таъминлаш мақсадида бугунги кунда Наманган вилоятида мактаб формасини етказиб бериш юзасидан 276 та корхона таъминотчи сифатида танлаб олинган бўлиб, улар орасида “Saodat sanoat servis” масъулияти чекланган жамияти етакчи корхона ҳисобланади.
Журналистлар ва блогерлар пресс-тур давомида Наманган шаҳридаги Даштбоғ маҳалласида барпо этилган кичик саноат зонаси ҳудудида жойлашган, тикувчиликка ихтисослашган “Mustafo Sevin” ҳамда “Saxiy Mirzo tekstil” масъулияти чекланган жамиятлари фаолияти билан яқиндан танишди.
Мазкур ишлаб чиқариш корхоналарида тадбиркорлар томонидан мактаб формаларининг белгиланган стандартлар асосида тайёрланиши, матолар сифати, бичими, ранги, тикилиш услублари, мактаб формаларининг турли ёш, бўй ва вазнга эга ўқувчиларга мослиги юзасидан батафсил маълумотлар берилди.
Тадбиркор-чевар Собитхон Мирзаев бошчилигидаги “Saxiy Mirzo tekstil” масъулияти чекланган жамиятида 50 нафарга яқин ишчи меҳнат қилиб, айни кезда 1-6 синфларга мўлжалланган мактаб формасини тикмоқда. Корхона раҳбарининг қайд этишича, маҳсулот учун Хитойдан келтирилган ва ўзимиздаги маҳаллий матолардан фойдаланилмоқда. Бир кунда ўртача 100-130 дона мактаб формаси жамланмаси (кастюм, камзул, нимча, шим ва кофта-юбкалардан иборат) ишлаб чиқарилмоқда. Бир дона мавсумий маҳсулотнинг таннархи 150 минг сўм.
Таъкидланганидек, вилоятда халқ таълими ва соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳамда тегишли бошқа ташкилотлар томонидан мактаб формасининг белгиланган стандартларга, санитария қоидалари нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқлиги, сифатли тўқимачилик маҳсулотларидан тайёрланиши бўйича доимий назорат ўрнатилган.

- Янги жорий этилаётган формани ўз билим даргоҳимизда ўтган ўқув йилида синовдан ўтказдик, кўплаб ота-оналарга маъқул келди, - дейди Наманган шаҳридаги 82-сонли умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси Қумрихон Раҳмонова.
– Энг аввало, бу кийимларда мавсумий фасллар бардавомлиги эътиборга олинган, қолаверса, уй бекаларига ювиш учун ҳам қулай. Буни 2-синфга борадиган набирам мисолида ҳам амин бўлдик. 32 йиллик иш тажрибамдан келиб чиқиб, шуни айтмоқчиманки, барча мактаблар учун ягона формани татбиқ этилиши жамиятимизда табақалашувнинг олдини олишга хизмат қилади.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда ягона мактаб формасининг жорий қилиниши ўқувчилар ўртасида ижтимоий тенгликни мустаҳкамлаш билан биргаликда, сифатли таълим-тарбия олишга ҳам катта туртки беради.
- Наманган вилоятида мактаб формасига ихтисослашган уч юзга яқин текстиль корхоналарида ойига 2 миллион дона айни шу турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга, - дейди “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси Наманган филиали раҳбари Нуриддин Бобоев. – Бундан ташқари, келаси ойда бўлиб ўтадиган мактаб ярмаркалари учун 1 миллион дона мактаб формаси захираси шакллантирилган.
Пресс-турда таъкидлаб ўтилганидек, эҳтиёжманд оилалар фарзандларини мактаб формалари билан таъминлаш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳокимликлар томонидан қатор муҳим чоралар олиб борилмоқда. Бошланажак ўқув йилида маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари қаторида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жамғармалари маблағлари ҳисобидан дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 400 мингдан зиёд кам таъминланган ўқувчилар фарзандлари учун мактаб формасини сотиб олинишига кўмаклашиш режалаштирилган.
Жумладан, Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан 2022-2023ўқув йилида вилоятдаги умумтаълим мактабларида таълим олиши кутилаётган 536 минг 203 нафар ўқувчининг оилавий ҳолати ўрганилиб чиқилди. Унга кўра, махсус дафтарларга киритилган 13 минг 584 нафар ўқувчининг ота-оналари фарзандларини мактаб формаси билан таъминлаш имкониятига эга эмаслиги аниқланди.
Дарвоқе, 2022 йил 10 августдан бошлаб Наманган шаҳри ва вилоятнинг барча туманлари марказларидаги аҳоли гавжум жойларида, ихтисослаштирилган савдо комплексларида “Мактаб ярмаркаси” ташкил этилади. Ярмаркада мактаб соҳасига алоҳида эътибор қаратилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.