Бухоро вилояти Когон туманида “Мустақиллик” маҳалла маркази биноси фойдаланишга топширилгани маҳалла аҳолиси учун чинакам совға бўлди. Бинонинг тантанали очилиш маросимида туман ҳокими Отабек Қазоқов бошчилигидаги масъуллар, жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари иштирок этди.
Ушбу бино Президентимизнинг 2021 йил 18 сентябрдаги “Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан бунёд этилган. Бунда умумий қиймати 4 миллиард 628 миллион сўм маблағ молиялаштирилиб, қурилиш ишларида маҳаллий пудратчи “Амиршоҳ моҳир қурувчи” МЧЖ бинокорлари жонбозлик кўрсатди.

Замонавий андозадаги мазкур уч қаватли иншоот очилишида сўзга чиққанлар ҳудуд аҳолисини замонавий қиёфадаги, кўркам маҳалла биноси билан муборакбод этиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда маҳалла институти фаолиятини янада ривожлантириш, уни халқчил тузилмага айлантириш борасида қатор ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.

Маҳалла маъмурий маркази биносида маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ҳамда профилактика инспектори учун хоналар мавжуд бўлиб, замонавий моддий-техника воситалари ва мебеллар билан жиҳозланган.

Мазкур бинонинг ерости қаватида мева-сабзавотларни саралаш ва қадоқлаш учун махсус жой, биринчи қаватда эса аёллар ва эркаклар учун сартарошхона, қандолат цехи ва савдо дўкони, иккинчи қават асосан ўқув марказлари учун ажратилган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.