Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Замонавий конституционализм: миллий ва хорижий тажриба
22:34 / 2021-12-14

Тошкентда 14 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Барқарор ривожланиш маркази ҳамда Давлат ва ҳуқуқ институти томонидан Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси кўмагида “Замонавий конституционализм: миллий ва хорижий тажриба” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтлари, сиёсий партиялар, академик ҳамжамият, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Анжуман доирасида турли мамлакатларда конституционализмнинг ривожланиш тенденциясини аниқлаш ва таҳлил қилиш, бу борадаги илғор миллий ва халқаро тажрибани ўрганиш, жумладан, мамлакатимиз асосий қонунини жамиятдаги реал воқеликка, демократик ислоҳотлар мантиғига мослаштириш, янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонни барпо этиш, эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ўзаро боғлиқ ва моҳиятан сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳаракатлар стратегияси доирасида Конституциянинг 21- моддасига 9 марта 32 та ўзгартириш ва қўшимча киритилди.

Ҳар қандай демократик ислоҳот мустаҳкам конституциявий-ҳуқуқий асосга эга бўлсагина, бардавом ва самарали бўлади. Конституция ёки қонун давр талаби, ислоҳот ва халқ эҳтиёжидан келиб чиқиб, доимий равишда такомиллаштириб борилади. Дунёда ҳеч бир конституция илк қабул қилинган таҳририда сақланиб қолмаган. Масалан, XXI асрда 90 га яқин давлатда қомусий ислоҳот муваффақиятли амалга оширилган, 57 тасида янги ҳужжат қабул қилинган. Энг кўп ўзгариш ва қўшимча Мексика, Янги Зеландия, Бразилия, Швейцария, Австрия, Исроил, Чили, Колумбия, Грузия ва Ҳиндистон конституцияларига киритилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов конституциявий ислоҳот бугунги ҳамда истиқболдаги муваффақиятли, барқарор тараққиётнинг зарур ҳуқуқий шарти ва асоси эканини таъкидлади.

– Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида муҳим вазифалар белгиланган, – деди А.Саидов. – Мамлакатни модернизация қилишнинг етти йўналиши бўйича элликдан ортиқ кодекс, қонун, стратегия, концепция ҳамда дастур қабул қилиш ва ушбу ҳужжатларни ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган. Шу боис, конституцияни янгилаш жараёни батафсил ва босқичма-босқич белгиланадиган “Йўл харитаси” зарурлигини қўллаб-қувватлаймиз.

Конференцияда электорат таклифларини умумлаштириб, белгиланган 9 та йўналиш бўйича асосий қонунни такомиллаштириш мамлакатдаги ислоҳотларнинг конституциявий-ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга хизмат қилиши эътироф этилди.

Янги конституция, биринчи навбатда, “Инсон шаъни ва қадр-қиммати йўлида” устувор тамойилини тўлиқ амалга ошириш билан боғлиқ. Шу ўринда қайд этиш лозим, мазкур тамойил фуқароларнинг тинч ва хавфсиз ҳаёти, асосий ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш, муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма яратиш, мамлакатнинг ҳар бир фуқароси учун малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, мустаҳкам ижтимоий ҳимоя тизимига эга бўлиш, соғлом экологик муҳит барпо этишни кўзлайди.

Юқорида таъкидланганидек, янги конституция яратишда хориж тажрибасига ҳам таянилади. Форумда халқаро экспертлар томонидан “ижтимоий давлат – рақобатли бозор иқтисодиёти, турли пандемия ва эпидемиялар шароитида ўз фуқароларига маълум бир минимал фаровонликни кафолатлайдиган давлат” иборасига бир неча бор мурожаат қилинди.

– Ҳар қандай давлат асосий қонунига ўзгартиш киритиш масаласини ўзи ҳал қилади, албатта, – деди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Шарлотта Адриан. Бинобарин, бошқарув усули қандай бўлишидан қатъи назар, конституцияда қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқи, фикр хилма-хиллиги сингари дахлсиз тамойиллар акс этиши керак.

Конференция иштирокчилари барча масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашдилар, муҳокамалар натижасида мавзуга оид тегишли тавсиялар илгари сурилди.

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА