Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Замонавий кончилик техникалари келтирилди
12:41 / 2025-11-29

Навоий кон-металлургия комбинатининг барча бўлинмаларида, хусусан, Шимолий кон бошқармаси конларида иш жараёнларини самарали ташкил этиш учун замонавий кончилик техникаси ва автотранспорт воситаларидан кенг фойдаланилмоқда.

Техникани “инсон қаноти” дейишлари бежиз эмас. Айнан замонавий машиналар иш унумдорлигини ошириш, хавфсиз ва барқарор ишлашини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Корхонанинг “Қоқпатас ва Довғизтов олтин конларида маъдан қазиб олиш (III навбат)” инвестицион лойиҳаси доирасида эскирган кон техникасини босқичма-босқич янгилаш ишлари олиб борилмоқда. Модернизация дастури асосида олиб келинаётган янги техникалар иш сифатини яхшилаш, харажатларни оптималлаштириш ва кончилик жараёнларининг узлуксизлигини таъминлашга қаратилган.

Яқинда Шимолий кон бошқармасига қарашли Автомобиль транспорти бошқармаси парк бошқарувига яна иккита замонавий техника “Комацу” русумли бульдозер ва автоағдаргич келтирилди. Ҳозирги вақтда мутахассислар томонидан уларни йиғиш ва созлаш ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур техникалар тез кунларда “Шарқий” конида ишга туширилиб, тоғ жинсларини қазиш ва ташиш жараёнларида фойдаланилиши режалаштирилган. Янги ускуналарнинг ишга кириши кондаги иш ҳажмини ошириш ва маъдан қазиб олиш самарадорлигини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Навоий кон-металлургия комбинатида амалга оширилаётган бундай янгиланиш ва модернизация ишлари мамлакатимиз кон-металлургия соҳасини ривожлантириш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ҳамда замонавий технологияларга ўтишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.

А.Бўриев, ЎзА