Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Замонавий интернет тармоғи орқали сиёсий жараёнларга таъсир кўрсатиш масалалари
14:09 / 2022-10-15

Жаҳоннинг деярли барча мамлакатларида интернет-коммуникациялар инсонлар кундалик ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб, улардан фойдаланувчиларнинг салмоғи вақт сайин ўсиб бормоқда. Хусусан, “Global Digital 2021» ҳисоботига кўра, 2015 йилда бир инсон кунига ўртача 6 соат 20 дақиқа вақтини интернетда ўтказган бўлса, 2020 йилга келиб, ушбу кўрсаткич 7 соатни ташкил этди.

Аксарият ривожланган мамлакатларда жамият ва давлат ҳаётининг деярли барча соҳаларига интернет-коммуникацияларининг кириб борганлиги сиёсий тизим барқарорлигини таъминлаш йўлидаги мавжуд муаммоларни ҳал этишда ўзининг муҳим восита эканлигини кўрсатди.

Интернет-коммуникациялар фуқароларнинг сиёсий онги ва маданияти ривожидаги муҳим омиллардан бири бўлибгина қолмай, уларни давлат идоралари фаолиятига кенг татбиқ этиш ва шу орқали мазкур идоралар иш самарадорлигининг ошишига, умуман олганда, жамиятдаги мавжуд муаммоларни ўз вақтида ҳал этилишига шароит яратади. 

Энг муҳими, жамият ҳаётининг муайян соҳасида тўпланиб қолган муаммолар сабабли юзага келаётган ёки келиши мумкин бўлган норозилик кайфиятларини ўз вақтида илғаб, уларнинг олдини олиш юзасидан зарурий чораларни ишлаб чиқишга хизмат қилади.  

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг таъбири билан айтганда, "тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар  

ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шарт".  

Ҳозирги вақтда сиёсий соҳанинг муҳим воситаларидан бири сифатида интернет-коммуникацияларнинг роли ошиб бормоқда. Замонавий сиёсий жараёнларга анъанавий ОАВ (босма нашрлар, радио, телевидение ва ҳ.к.) билан бир қаторда глобал тармоқнинг ҳам кенг татбиқ этила бошланиши давлат бошқаруви соҳасида катта ўзгаришларга олиб келди ва ахборот жамияти субъектлари орасида сиёсий ахборотлар алмашинувини янада тезлаштириб, унга янгича тус ва мазмун бера олди.  

Мазкур ўзгаришлар сайловларда, давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятида, мамлакатда у ёки бу муҳим масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиниши ва унда фуқароларнинг иштироки, айниқса, аҳолининг салмоқли қисмини ташкил этувчи ёшларнинг интернет-коммуникациялар орқали сиёсий ижтимоийлашуви жараёнларида яққол намоён бўла бошлади.  

Интернет-коммуникацияларнинг сиёсатдаги ролини биринчилардан бўлиб илмий-назарий жиҳатдан ўрганган америкалик тадқиқотчи Л.Гроссманнинг ҳақли равишда эътироф этишича, «Интернет тармоғи жамиятни сиёсий қарорлар қабул қилиш жараёнига бириктира олиш қобилиятига эгадир».  

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мазкур жараёнлар замонавий жамиятнинг муҳим институтлари бўлмиш «электрон ҳукумат» ва умуман олганда, «электрон демократия» платформасининг шаклланиши ва самарали фаолияти учун замин ҳозирлайди.  

Маълумки, ривожланган мамлакатларда шахс, жамият ва давлатнинг ўзаро муносабатлари амалиётига Интернетнинг кенг татбиқ этилганлиги сиёсий режимнинг характери ҳамда фуқароларнинг сиёсий онги ва маданияти даражасини белгилаб берувчи муҳим мезонлардан саналади.  

 Бу эса фаол ва мустаҳкам фуқаролик позициясини шакллантириш орқали фуқаролик жамиятини қуриш ва уни ривожлантириш йўлида жадал одимлаётган давлатлар учун долзарб аҳамиятга эгадир.  

 Шуни алоҳида қайд этиб ўтиш лозимки, сиёсий жараёнларда интернет-коммуникациялардан нафақат ижобий мақсадларда, шу билан бирга, деструктив кучлар томонидан ўзларининг сиёсий мақсадларига эришиши йўлида ҳам фойдаланаётганлик ҳолатлари ўсиб бораётганини кузатиш мумкин.  

 Хусусан, сўнгги йилларда деструктив кучларнинг, жумладан, турли террористик ва экстремистик ташкилотлар, душманлик кайфиятдаги хорижий мамлакатларнинг махсус хизматлари, деструктив «мухолифат», «ҳуқуқ ҳимоячилари», мустақил журналистлар ва блогерларнинг интернет-ресурслар воситасида турли «қора» сиёсий технологиялардан фуқароларнинг онгини манипуляция қилиш орқали ўзларининг бузғунчи мақсадларини амалга оширишга уринишлари кучайиб бормоқда.  

 Бундай салбий ҳолатларнинг оқибатларини яқин ўтмишда қатор давлатларда содир бўлган турли ном остидаги «рангли инқилоблар»да ёки дунёнинг оловли нуқталарида фаолият олиб бораётган «Ислом давлати», «Туркистон Исломий Ҳаракати», «Таҳрир аш-Шом», «Катибат ул-Имом Бухорий», «Тавҳид ва жиҳод», «Хизб ут-Таҳрир» сингари бир қатор халқаро террористик ва экстремистик ташкилотларнинг ўз сафларини кенгайтиришларида, шунингдек, айрим хорижий давлатларда айирмачи (сепаратистик) гуруҳларнинг фаоллашаётганлиги мисолида кузатиш мумкин. 

Шу билан бир қаторда, шахснинг сиёсий ижтимоийлашуви жараёнига интернетдан бўладиган салбий таъсирлар кўлами янада кенгайиб бормоқда.  

Ушбу ҳолат веб-маконда инсон онги, унинг сиёсий қарашларига деструктив таъсир эта олиш технологияларининг ривожи билан изоҳланмоқда.  

Бу борада россиялик тадқиқотчи А.Магомедовнинг эътироф этишича, «жамият ҳаётининг барча жабҳаларига интернет тармоғининг кенг татбиқ этилиши ОАВнинг глобаллашувига олиб келади, уларнинг жамоатчилик онгига манипулятив таъсир кўрсатиши учун кенг имкониятлар яратади ва натижада, сиёсий фаолиятни глобал ОАВнинг фикрларига қарам қилиб қўяди».  

Янада аниқроқ қилиб айтганда, «сиёсий ҳаёт ОАВнинг ҳақиқий маконига айланиб боради», яъни сиёсатнинг медиалашуви рўй беради.  

Умуман олганда, аксарият мутахассисларнинг фикрича, замонавий хориж амалиёти интернет-коммуникацияларнинг сиёсий жараёнларга кенг татбиқ этилиши билан қуйидаги салбий тенденцияларнинг юзага келишига туртки бўлганлигини кўрсатмоқда. Жумладан:  

- «виртуал жамият»нинг интернет маконида шаклланган қоида ва меъёрлар воситасида реал ижтимоий жамиятга нисбатан экспансияси юз бериши, яъни виртуал маконда сунъий тарзда яратилган ва ишлаб чиқилган турли сиёсий технологияларнинг реал ижтимоий муносабатлар муҳитига кўчиб ўтиши натижасида мавжуд анъанавий ижтимоий вазиятни издан чиқиши;  

- шахснинг ўз сиёсий қарашлари ва қадриятларидан воз кечишга ундовчи ёки унга олиб келувчи ёт ғоялар (терроризм, экстремизм, деструктив мухолифатчилик, миллатчилик, сепаратизм ва ҳ.к.) тарғиботининг кучайиши;  

- ноижтимоий (асоциал) ва ноахлоқий (аморал) меъёрларни демократик қадриятлар сифатида уларга ҳуқуқий бўёқлар бериш орқали аҳоли, энг муҳими, ёшлар онгига сингдиришга бўлган уринишнинг ўсиб бориши;  

- турли виртуал жамиятларни ташкил этиш орқали фуқароларни ноқонуний ёки аксилконституциявий сиёсий тадбирларга чорлаш ҳолатларининг ортиб бориши, яъни ноқонуний сиёсий тарғибот ишларини олиб бориш, рухсат этилмаган акциялар – сиёсий флешмоблар, оммавий митинг ва намойишларни ташкил этиш, пировард натижада эса «рангли инқилоблар»ни амалга оширишга замин яратилиши;  

- сайлов жараёнларида сиёсий партиялар ёки номзодларнинг электорат ишончини қозониш ва тарафдорлари сонини кўпайтириш мақсадида турли ноқонуний сиёсий ўйинлардан, хусусан «қора пиар (PR)” каби замонавий сиёсий технологиялардан, шу жумладан, сиёсий рақибни обрўсизлантириш мақсадида ижтимоий тармоқларда ёлғон хабарларни тарқатиш (фейк), онлайн-иғвогарлик ёки безорилик (троллинг) ҳамда интернетда кўп сонли шарҳлар қолдириш орқали сунъий усулда оммавий фикрни шакллантириш (астротурфинг) технологияларидан фойдаланиб, сайловчилар онгини манипуляция қилиш орқали ўз сиёсий рейтингини яхшилашда амалиётининг оммалашиб бориши ва ҳ.к.

Интернет-коммуникацияларнинг сиёсий жараёнларга кенг татбиқ этила бошланиши жараёнида учрайдиган салбий тенденцияларнинг кенг тарқалиши мамлакатнинг сиёсий хавфсизлигига хавф ва таҳдидларни вужудга келтиради.  

Виртуал платформалар билан боғлиқ юқоридаги таҳдидларга нисбатан сиёсий ҳокимият томонидан етарли даражада ҳимоявий характердаги ташкилий сиёсий-ҳуқуқий чора-тадбирлар кўрилмас экан, бундай мамлакат фуқароларининг аксарият қисми деструктив элементларнинг сиёсий таъсирига тушиб қолади.  

Бу каби салбий ҳолатларнинг оқибатларини сўнгги 10-15 йилликда айрим МДҲ давлатларида юз берган «рангли инқилоблар» мисолида яққол кўриш мумкин. Шу туфайли, республикамиздаги сиёсий жараёнларда интернет-коммуникациялар омилининг муҳим аҳамиятини инобатга олган ҳолда у орқали амалга оширилаётган сиёсий муносабатларни доимий асосда ўрганиб, таҳлил қилиб бориш зарурати объектив эҳтиёж сифатида юзага келмоқда. Чунки, бу аввало, замонавий сиёсий жараёнлар рўй бераётган бир даврда давлатнинг сиёсий хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш масаласи билан бевосита ва узлуксиз боғлиқдир.  

 И.Абдиев, 

тадқиқотчи