Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Замонавий инспекцион мажмуа ишга тушди
14:42 / 2025-09-30

“Сирдарё” чегара божхона постида АҚШнинг “Rapiscan” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Z-Portal” замонавий инспекцион кўрик мажмуаси ишга туширилди. Ускунанинг жорий этилиши божхона назорати самарадорлигини ошириш, расмийлаштирув жараёнларини тезлаштириш ҳамда ташқи савдо йўналишидаги қулайликларни кенгайтиришда муҳим қадам бўлди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан чегара-божхона постларини замонавий технологиялар асосида қайта жиҳозлаш ишлари изчил амалга оширилмоқда. Бу эса фақат юк ташувчилар учун қулайлик яратиш эмас, балки хавфсизликни таъминлаш, контрабанда ва ноқонуний савдо ҳолатларига чек қўйишда ҳам катта аҳамиятга эга.

Олиб борилган ҳисоботларга кўра, жорий йилнинг ўтган 8 ойида “Сирдарё” пости орқали 84 мингга яқин юк автотранспорт воситалари ўтган. Кунлик ўртача ҳаракат 350–400 та юк машинасини ташкил этади. Янги инспекцион мажмуа эса соатига 200–220 та транспорт воситасини кўрикдан ўтказиш имкониятига эга бўлиб, бугунги кундаги катта оқим шароитида назоратни янада тезкор ва самарали қилиш имконини яратади.

Қурилма кам қувватли рентген технологиясига асосланган бўлиб, ҳайдовчи ва йўловчилар учун мутлақо зарарсиз. Унинг асосий афзаллиги — нурлар ортга қайтиш технологияси орқали юк ва транспорт воситаларини ҳар томонлама тасвирга олиб, ҳатто кўзга кўринмас бўшлиқларда яширилган шубҳали буюмларни ҳам аниқлай олишидадир. Бу эса наркотик моддалар, қурол-аслаҳа, ўқ-дори ҳамда таъқиқланган товарларни фош этишда божхона ходимларига катта ёрдам беради.

Мажмуани ўрнатиш ва ишга тушириш жараёнида АҚШлик мутахассислар ҳам иштирок этди. Бу жараён Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги амалий ҳамкорликнинг яна бир ёрқин намунаси сифатида қайд этилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири