French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Замонавий ҳунармандчилик ва тикувчилик маркази очилди
15:40 / 2025-06-23

Бухорода “Ҳунармандчилик ва тикувчилик маркази” ўз фаолиятини бошлади. Унда миллий либос ва буюмлар, нодир каштачилик ва гулли ва чокли либослар тикиб тайёрланади.

Ҳунармандчилик марказида юздан ортиқ турдаги каштадўз, миллий кўриниш ва бежирим услубдаги либослар, ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Айни пайтда бу маскан 140 чевар ўрнига мўлжалланган бўлиб, ҳозирда сараланган ишчилар сони 35 нафарга етган. Бунда ойига 2 минг донагача гулли ва чокли либослар тикиб тайёрлаш имконияти мавжуд.

– Марказимиз Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари Федерацияси ҳомийлигида, “Асакабанк” вилоят филиали билан ҳамкорликда ташкил қилинган, – дейди ҳунармандчилик ва тикувчилик маркази раҳбари Азизбек Рўзиев. – Умумий қиймати 1 миллион АҚШ долларига тенг Хитой технологияси билан жиҳозланган. Бунда пахтали, ипак матолардан каштадўз, гулли ва чокли намуналарда миллий кўриниш ва бичимдаги либослар тикиб тайёрланмоқда. Маҳсулотимизга ички бозорда харидор етарли. Тажрибамиз ва маҳсулдорликни ошириб бориб, бежирим либосларимизни Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон Республикалари бозорига чиқаришни кўзлаганмиз. Бу ердаги дўконда матога гул чизиш, боғлаш, давра, қад тайёрлаш жараёнлари кўргазмали тарзда намойиш этилади. Қолаверса, миллий услубда бунёд этилаётган мазкур марказ туризм ривожи учун хизмат қилади. 

Вилоят ҳокими Ботир Зарипов мазкур ҳунармандчилик ва тикувчилик марказида бўлди. Иш кўлами, хомашё таъминоти, маҳсулот тайёрлаш ва сотиш, чеварлар жамоаси эришаётган моддий манфаатдорликлар билан қизиқди.

Эндиликда Бухоро шаҳридаги ҳунармандчилик ва тикувчилик корхонаси республикамиздаги хорижий консулликлар, элчихоналарда миллий намунада тайёрланган либослар бурчагини ташкил этиб, юртдошларимизни халқ амалий санъати намуналаридан баҳраманд этиш ниятида.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.