Замонавий дунёда электр энергиясини ҳисоб-китоб қилувчи янги қурилмалар қулайликлар билан бирга айрим муаммоларни ҳам юзага келтирмоқда.
Ёзёвон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига истеъмолчи Л. худди шундай муаммо билан мурожаат қилган. У мурожаатида туман электр таъминоти корхонаси томонидан юклатилган 1 366 052 сўм қарздорликни аслида тўлаганини, шунга қарамай, унга қарздорлик белгиланиб, иш МИБга оширилганини айтган.
Оқибатда МИБ ходимлари асоссиз қарздорлик юзасидан бир неча бор фуқаронинг тинчини бузади.
Масала электр таъминоти идораси ходимлари билан ўрганилганда, хонадонга янги ASKUE электрон ҳисоблагич ўрнатилгани, қарздорлик мавжуд бўлганида автоматик тарзда тармоқдан ўчиш тизимига улангани маълум бўлди.
Бироқ ҳисоблагичга ташқи аралашув йўли билан дастак қўйиб олиниб, автоматик тарзда ўчмайдиган қилиб қўйилган. Бу эса фойдаланилган электр энергиясидан 1 366 052 сўм қарздорликка солиштирма далолатнома тузишга сабаб бўлган.
Истеъмолчи далолатнома асосида қарзини тўласа-да, электр таъминоти корхонаси МИБга яна хабарнома киритган.
Ўрганишларда мазкур муаммо ҳал этилиб, истеъмолчининг тўлов квитанциялари асосида қайта ҳисоб-китоб амалга оширилди. Натижада истеъмолчи икки маротаба пул тўлашдан халос бўлди.
Шавкатжон Саидов,
Ёзёвон туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассиси