Геология фанлари университетида “Гидрогеология, муҳандислик геологияси ва геоэкология йўналишидаги замонавий муаммолар ва уларнинг ечимлари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Мазкур университет ҳузуридаги “Гидрогеология ва инженерлик геологияси институти” давлат муассасаси томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда маҳаллий ва хориждан келган олимлар, соҳа мутахассислари, экспертлар иштирок этди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Рустам Юсупов, “Гидрогеология ва инженерлик геологияси институти” ДМ директори Ғани Бимурзаев ва бошқалар мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакат иқтисодиёти ва илмий салоҳиятни ривожлантиришга хизмат қилишини қайд этди.
Анжуманда иштирокчилар томонидан геология ва тоғ-кон саноати соҳаларини ривожлантириш, мавжуд муаммоларнинг илмий ва амалий жиҳатдан ечимини топиш, гидрогеология, муҳандислик геологияси ва геоекология соҳасига инновацион технологияларни жорий қилиш каби кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди.
“Гидрогеология ва инженерлик геологияси институти” ДМ директори Ғани Бимурзаевнинг айтишича, мазкур илмий муассаса ташкил этилганига 65 йил тўлди. Ушбу йирик тадбир айнан шу сана муносабати билан ўтказилди.
–Тадбир Тараққиёт стратегияси ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг тегишли буйруқлари ижросини таъминлашга ҳам қаратилган. Анжуманда гидрогеология, муҳандислик геологияси ва геоэкология соҳаларидаги долзарб муаммолар, уларнинг ечимлари, инновацион ёндашувлар, хавфли геологик жараёнларни олдиндан аниқлаш, ер ости сувларини муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши таъсири, геомониторинг ва геоахборот тизимларини жорий этиш каби масалалар таҳлил этилди. Тадбир доирасида 5 та шўъба иш олиб борди. Мутахассислар ер ости сувларини излаш ва ресурсларини баҳолаш, техноген таъсирлардан муҳофаза, замонавий инженерлик-геологик таҳлиллар, глобал иқлим ўзгариши оқибатлари, геотуристик салоҳият, хусусан, Китоб геопаркининг UNESCO глобал геопарки мақомига номзодлиги бўйича илмий таклиф ва мулоҳазаларини билдирди. Шунингдек, институтда узоқ йиллар давомида фаолият юритган олимлари, уларнинг илмий мероси, ёш кадрларнинг соҳадаги иштироки ва янги илмий йўналишларни шакллантиришдаги роли ҳам алоҳида муҳокама этилди, –деди Ғ. Бимурзаев.
[gallery-26359]
Муҳандис-геологик ҳодисалар ва жараёнларнинг ривожланиш динамикасини аниқлаш, хавфли геологик жараёнларни замонавий усуллар асосида ўрганиш ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича илмий-назарий ва амалий вазифалар долзарб ҳисобланади. Шу боис, анжуман иштирокчилари гидрогеология ва муҳандислик геологияси бўйича халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, соҳадаги илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш ҳамда инновацион технологияларни амалиётга жорий этиш муҳим эканини таъкидлади.
Мутахассислар сўзига кўра, табиий ва антропоген омиллар таъсирида юзага келадиган геологик жараёнларнинг шаклланиш механизмларини чуқур ўрганиш ва уларнинг эҳтимолий оқибатларини юмшатиш бўйича комплекс ёндашув талаб этилади. Кўчки ва шу каби хавфли жараёнлардан эрта огоҳлантириш тизимларини такомиллаштириш, табиий ҳодисалар рўй берганда ҳудудларнинг барқарорлигини таъминлаш ва олдиндан тайёргарлик даражасини ошириш учун кўп томонлама стратегиялар ишлаб чиқиш юзасидан муҳим. Бу жараёнда ҳудудий мониторингни самарали юритишда масофадан зондлаш технологиялари катта имконият яратади.
Анжуман якунида муҳандис-геологик хавфларни камайтириш, мониторингнинг замонавий усулларини жорий этиш, илмий тадқиқотларни кучайтириш ва соҳавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Насиба Зиёдуллаева,ЎзА