Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Замонавий геодезик асбоб-ускуналар иш самарадорлигини оширди
17:54 / 2024-03-25

Ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда мавжуд ер майдонларидан қонуний, тегишли ҳужжатлар асосида фойдаланилишини таъминлаш мақсадида кейинги пайтда кадастр идоралари фаолияти такомиллаштирилмоқда. Соҳа учун кадрлар тайёрлаш, ривожланган давлатларнинг кадастр соҳасига оид тажрибаларини ўрганиш ва замонавий технологиялардан кенг фойдаланиш, маълумотларни рақамлаштириш устида иш олиб борилмоқда.

– Кадастр соҳаси фаолияти самарадорлиги биринчи навбатда топография-геодезия ишларининг сифатли, аниқ бажарилишига боғлиқ, – дейди Давлат кадастрлари палатасининг Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Мухтор Қувондиқов. – Бизнинг бошқарма топографик ва картографик хариталарни тайёрлаш секторида ҳам 34 нафар топограф мутахассис фаолият олиб бормоқда. Улар бошқарма ва ҳар бир туман, шаҳарга икки нафардан тўғри келади. Давлат кадастрларини юритиш ва бошқа топография-геодезия ишларини бажариш учун бошқарма ва унинг туман (шаҳар) филиалларида шу пайтгача 26 та геодезик ўлчов воситаси мавжуд эди. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 20 октябрдаги қарорига асосан Кадастр агентлиги томонидан бизга хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган, сўнгги русумдаги 19 жамланма геодезик ўлчов асбоблари берилди. Бунинг натижасида самарадорлик ошди ва ишларни қисқа муддатларда якунлаб, буюртмачиларга тақдим этиш имконияти кенгайди. 

Бошқарма ва унинг туман (шаҳар) филиаллари топографик ва картографик хариталарни тайёрлаш сектори томонидан кадастр буюртмалари асосида бино-иншоотлар ва уларга тегишли ҳудудлар кадастр планларини тайёрлашдан ташқари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойданиш ҳуқуқи асосида вазирлик ва идораларга ер участкаларни ажратиш мақсадида келишиш учун 155 та (2 613,6 гектар) ер майдони геодезик асбоблар ёрдамида ўлчаниб, “YERELEKTRON” ахборот алмашинув тизимига киритилган. Шундан, 102 та (2 580,1 гектар) ер майдони бўйича ваколатли органлар томонидан ижобий хулосалар берилган ва вилоят ҳокимлиги томонидан “E-Qaror” тизими орқали ер ажратиш тўғрисида қарорлар қабул қилинган. Бу борада жорий йилнинг ўтган даврида 15 та (38 гектар)ер майдони геодезик асбоблар ёрдамида ўлчаниб, “YERELEKTRON” ахборот алмашинув тизимига киритилди.

Шунингдек, ушбу йўналишда Сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги “Зарафшон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги насос станциялари ва энергетика бошқармасининг буюртмасига асосан насос станциялари фойдаланишида бўлган 453 та сув қудуғининг ер майдонида ўлчов ишлари бажарилиб, топографик планлари яратилди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, бошқарма ва унинг туман (шаҳар) филиаллари томонидан кадастр хизматларини кўрсатиш жараёнида кўчмас мулк объектига тегишли ер майдонлари ҳамда қишлоқ хўжалик ер майдонларида ўлчаш ишлари амалга оширилади. Шунингдек, кадастр хужжатларини расмийлаштириш жараёнларидан ташқари ҳолатларда ҳам буюртмачилар билан тузилган шартномалар асосида тегишли объектнинг топографик план ва хариталари тайёрлаб берилмоқда. 

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири