Бугун Янги Ўзбекистон тараққиёт босқичида энг долзарб масалалардан бири — электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг йил сайин ортиб бораётганидир. Иқтисодиёт тармоқлари кенгайиб, саноат қувватлари ошиб, аҳоли фаровонлиги юксалган сари барқарор ва сифатли энергия таъминоти стратегик омилга айланмоқда. Энергия — тараққиётнинг қон томири, иқтисодий барқарорликнинг таянч устунидир.
Ўзбекистон – 2030 стратегияси мамлакатни изчил ислоҳотлар йўлидан янги босқичга олиб чиқишни кўзда тутади. Унда энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш, қайта тикланувчи ва юқори самарали технологияларни кенг жорий этиш устувор вазифа сифатида белгиланган. 2030 йилга қадар 3 миллиард куб метр табиий газни тежаш ва унинг ўрнига 50 миллиард киловатт-соат электр энергиясини муқобил манбалар ҳисобидан ишлаб чиқариш режаси — шунчаки рақам эмас, балки иқтисодий мустақиллик ва экологик барқарорликка қаратилган аниқ стратегик қадамдир.
Сўнгги йилларда давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган фармон ва қарорлар, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ҳужжатлари ижроси доирасида 2022–2026 йилларда энергия тежамкорлигини камида 30 фоизга етказиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Тадбиркорлик субъектларини қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга рағбатлантириш, имтиёз ва преференциялар бериш орқали ишлаб чиқариш харажатлари қисқартирилмоқда, маҳсулот таннархи пасайтирилмоқда, рақобатбардошлик оширилмоқда. Бу эса иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказишнинг амалий ифодасидир.
Жиззах вилоятида барпо этилаётган 550 МВт қувватга эга буғ-газ электр станцияси ана шу стратегик мақсадларнинг ёрқин намунасидир. Президентнинг 2023 йил 8 ноябрдаги “Жиззах вилоятида қуввати 550 МВт бўлган буғ-газ электр станциясини қуриш инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Шароф Рашидов туманида замонавий энергетика мажмуаси бунёд этилмоқда.
Лойиҳа қиймати 500 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи ушбу иссиқлик электр станцияси қурилиши инвестор — Туркиянинг “CENGIZ ENERJI SAN.VE TICA. S” компанияси ва лойиҳачи “Cenergo” МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда. Лойиҳани лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш ҳамда 25 йил давомида эксплуатация қилиш шартлари белгилангани унинг узоқ муддатли барқарор ишлашини кафолатлайди. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилгани эса мамлакатимизда инвестиция муҳити изчил яхшиланиб бораётганининг амалий тасдиғидир.
Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, станция йилига 3,5 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Натижада 700 миллион куб метр табиий газ тежалади, 1,5 миллион хонадонни барқарор электр энергияси билан таъминлаш имконияти яратилади. Самарадорлик даражасининг 60 фоизни ташкил этиши мазкур иншоотни замонавий ва тежамкор технологияларга асосланган энергетика ечими сифатида намоён этади.
Қурилиш жараёнининг ўзи ҳам иқтисодий фаоллик манбаига айланган. Бугун майдонда 600 нафар маҳаллий ва хорижий мутахассис меҳнат қилмоқда. Лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, 250 та доимий иш ўрни яратилади. Энг муҳими, эксплуатация босқичида ишлайдиган мутахассисларнинг асосий қисми маҳаллий кадрлардан иборат бўлади. Бу — инвестиция билан бирга илғор тажриба ва технологиялар ҳам кириб келаётганини англатади.
Умуман, 2025 йилнинг ўзида вилоятда 12 триллион сўмлик 558 та инвестиция лойиҳасининг ишга туширилиши ва 11 минг 726 та янги иш ўрни яратилиши ҳудудда иқтисодий фаоллик изчил кучайиб бораётганини кўрсатади. Энергетика соҳасидаги йирик лойиҳалар эса мазкур ўсишга мустаҳкам замин яратмоқда.
Янги электр станцияси — бу оддий саноат объекти эмас. У — Ўзбекистон – 2030 стратегиясида белгиланган мақсадларнинг амалий ифодаси, энергетик мустақилликка қаратилган қатъий сиёсатнинг самараси, инновацион тараққиётнинг мустаҳкам пойдеворидир.
Зеро, барқарор энергия — барқарор иқтисодиёт демак. Барқарор иқтисодиёт эса Янги Ўзбекистоннинг эртанги кунига ишонч билан қўйилган мустаҳкам қадамдир.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА