Бугун Тошкент давлат техника университетида “Энергия самарадорлиги-2025. Интеллектуаллаштириш-энергетика ривожланишининг келажаги” мавзусида халқаро илмий-техник конференция ўтказилди.
Тадбирда мамлакатимиз етакчи олимлари, мутахассислари қаторида МДҲ давлатлари, Хитой, Германия, Россия, Қозоғистон, Япония, Беларусь ва Жанубий Кореядан энергетика соҳаси вакиллари иштирок этди.
Унда сўз олганлар қайд этганидек, бугунги кунда электр энергетикаси тармоғи учун замонавий билим ва кўникмаларга эга рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда энергетика соҳасида замонавий ёндашувлар, илмий-тадқиқот натижалари ва амалий тажрибаларни муҳокама қилиш ҳар жиҳатдан муҳим вазифаларга айланяпти.
Мазкур анжуман айнан шу ишлар ижросида муҳим бўлиб, электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлаш жараёнларида мавжуд муаммоларни атрофлича муҳокама қилиш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилган илмий изланишлар натижаларини тақдим этишда муҳим мулоқот майдони вазифасини ўтайди.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, ёқилғи-энергетика комплексини глобал трансформация қилиш, энергия самарадорлиги ва ресурс тежамкорлиги, инновацион электр энергетикасида децентрализация, рақамлаштириш ва интеллектуаллаштириш жараёнлари, шунингдек, декарбонизация масалалари каби устувор йўналишлардир. Шу билан бирга, замонавий иссиқлик энергетикаси, қайта тикланувчи, атом ва водород энергетикаси асосидаги энергетик тизимларни ривожлантириш, сув энергетикаси муаммолари ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги соҳавий ҳамкорликлар кун талабига айланмоқда. Бугунги учрашув эса томонлар ўртасида ўзаро мулоқот ва замонавий ёндашувлар учун ечим ишлаш имкониятини яратди.
Унда энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов мамлакатда энергия самарадорлигини ошириш давлат сиёсати даражасида устувор вазифа сифатида белгиланганини таъкидлади.

– Бугунги кунда электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш ҳамда истеъмол қилишда интеллектуал ечимлар, рақамли технологиялар ва илғор илмий ёндашувларни жорий этиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Энергетика соҳасида барқарор ривожланишга эришиш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитга таъсирни камайтиришда илм-фан ва таълим ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Бундай халқаро анжуманлар тажриба алмашиш, янги ғояларни шакллантириш ва соҳани тизимли ривожлантиришга хизмат қилади, – деди вазир ўринбосари.
Анжуман якунида иштирокчилар энергетика соҳасида халқаро илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш, инновацион ғоя ва ечимларни амалиётга жорий этиш бўйича галдаги вазифаларни белгилаб олди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА