Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Замонавий электромобиллар билан таъминланди
22:40 / 2026-01-14

Сирдарё вилоятида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ филиали авария-тиклаш бригадалари замонавий электромобиллар билан таъминланди. Янги 15 дона Чанган Т-10 русумли электромобиллар тезкор ҳаракатланиш имкониятига эга бўлиб, бригадаларнинг хизмат сифатини сезиларли даражада оширишга хизмат қилади. Шунингдек, бу электромобиллар олдинги ёқилғи билан ҳаракатланувчи техникаларга нисбатан энергияни электр орқали ишлатиши билан атмосферани ифлосланишидан ҳимоя қилади.

Мазкур электромобиллар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 4 июндаги фармойишига мувофиқ Хитой Халқ Республикасидан харид қилинди. Фармойишда ҳудудлардаги тақсимлаш тармоқларини модернизация қилиш, аварияларни тезкор бартараф этиш ва филиалнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш вазифалари белгиланган.

–  Янги электромобиллар нафақат фавқулодда вазиятларда бригадаларимизга тезкор ҳаракатланиш имконини беради, балки хизмат кўрсатиш самарадорлигини ҳам сезиларли даражада оширади, –  дейди "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ Сирдарё ҳудудий филиали бош муҳандиси Дилшод Абдуқодиров.  – Машиналар энергия тежамкор ва экологик тоза, шунингдек, узоқ масофага ҳаракатланиш қобилиятига эга. Бу эса аҳолига сифатли ва қулай хизмат кўрсатиш имконини беради.

Янги транспорт воситалари фойдаланишга топширилиши билан филиалнинг замонавий хизмат кўрсатиш салоҳияти янада мустаҳкамланди ва барқарор ривожланишга ҳисса қўшилди. Шу билан бирга, электромобиллардан фойдаланиш орқали атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва энергия тежамкорликни таъминлаш йўналишида ҳам муҳим қадам ташланди.

Ҳудуддаги мутахассислар ва аҳоли янги электромобиллар орқали аварияларга тезкор жавоб бериш, хизмат сифатини ошириш ва экологик тоза транспортдан фойдаланиш имконияти пайдо бўлганини эътироф этмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири