"Кўксарой" қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда.
Нуфузли анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
–Сизларни ишонтириб айтмоқчиманки, биз юртимизда очиқ, жадал ривожланаётган замонавий давлат қуриш мақсадида бошланган ислоҳотлар йўлидан ортга қайтмаймиз. Ишончим комилки, сизларнинг ҳар бирингизда аниқ ва конструктив таклифлар бор. Сизларнинг кўмагингиз билан биз Кенгаш доирасида ривожлантирмоқчи бўлган бир қатор соҳаларга қисқача тўхталиб ўтмоқчиман,– деди давлатимиз раҳбари.
Таъкидланганидек, қонун устуворлиги Янги Ўзбекистон тараққиётининг бош тамойилларидан бири этиб белгиланган. Кейинги йилларда юртимизда хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш ва мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида мисли кўрилмаган чоралар ҳаётга жорий этилди.
Бундан буён фуқаро ва тадбиркорларга мулк ҳуқуқини сўзсиз таъминлаш ва ҳимоя қилиш шаффоф ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими томонидан кафолатланади.
–Биз куни кеча суд соҳасига бағишланган мажлисда бу борада ислоҳотларнинг навбатдаги босқичидаги устувор йўналишларни белгилаб олдик. Ўзбекистонда илғор хорижий амалиёт ва тажрибани жорий этиш мақсадида Хорижий инвесторлар кенгаши ҳузурида доимий фаолият юритадиган Инвесторларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитасини ташкил қилишни таклиф этаман,– деди Шавкат Мирзиёев.
ЎзА