Сўнгги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан бири — чорвачилик соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яратилган қулай шарт-шароитлар, имтиёзлар ва қўллаб-қувватлаш механизмлари соҳага қизиқиш билдираётган тадбиркорлар сонининг йил сайин ортишига хизмат қилмоқда.
Ана шундай илғор ташаббуслардан бири Фарғона вилояти Қувасой шаҳридаги “Қалача” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида фаолият юритаётган “Зотдор чорва даври” МЧЖ наслли чорва моллари фермер хўжалигидир. Мазкур хўжалик 2023 йилдан буён самарали фаолият олиб бормоқда.
Тадбиркор Дилмурод Турсунов раҳбарлигидаги фермада ҳозирги кунда 500 бош наслли чорва моллари сут йўналишида парваришланмоқда. Ҳар бир сигирдан кунига ўртача 30–35 литр сут соғилиб, маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарига етказиб берилмоқда. Хўжаликда замонавий парвариш усуллари, тўғри озиқлантириш ҳамда қатъий ветеринария назорати йўлга қўйилган.
[gallery-27358]
— Чорвачиликда ем-хашак таъминоти энг муҳим масалалардан бири, - дейди фермер хўжалиги раҳбари Дилмурод Турсунов. — Ташқи бозорга қарам бўлиб қолмаслик мақсадида озуқани ўзимиз тайёрлаймиз. Сут соғиш жараёнларида замонавий ускуналардан фойдаланяпмиз. Илғор техника ва омборхоналар маҳсулот сифатини сақлаш, харажатларни камайтириш ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш имконини бермоқда.
Айни пайтда фермада 23 нафар доимий ишчи меҳнат қилмоқда. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож ишчилар учун оилавий яшашга мўлжалланган муносиб шарт-шароитлар яратилган.
Хўжалик фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида 500 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари жалб этилган. Мазкур маблағлар ҳисобидан инфратузилмани яхшилаш ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш режалаштирилган.
Келгусида ферма ҳудудида сутни қайта ишлаш корхонасини ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда тайёр сут маҳсулотларини хорижий давлатларга экспорт қилиш кўзда тутилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 4 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этади.
Қайд этилишича, Германиядан олиб келинган “Голштейн” ва “Симменталь” зотли наслли чорва моллари юқори маҳсулдорлик кўрсатмоқда. Ҳозирда ферма бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорлик қилиб, уларга барқарор равишда сут етказиб бермоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/rWEZvSb_k3E" title="Zamonaviy chorvachilik: imkoniyatlar samarasi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат ва видео), ЎзА