Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Замонавий биолабораториялар деҳқоннинг кўмакчиси
19:15 / 2024-06-21

Қашқадарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси томонидан ташкил этилган пресс-турда журналист ва блогерлар дастлаб биомаҳсулот етиштириш жараёнлари билан танишиш учун Касби туманида бўлишди.

Айтиш жоизки, вилоят бўйича жами 70 та биолаборатория бўлса, шундан воҳадаги энг гигант 11 та биолаборатория айнан Касби туманида жойлашган. Дастлаб пресс-тур иштирокчилари тумандаги “Индорама агро” хорижий агрокластерининг биолабораториясида биомаҳсулотлар ишлаб чиқаришни босқичма-босқич кузатишди. 

“Муғлон” биолабораторияси 2022 йилда ташкил этилган. Хорижий компанияга қарашли 100 минг гектарга яқин ҳудудни биомаҳсулот билан таъминлайди.

– Йилига 120-150 килограмм трихограмма, 100 миллион дона олтинкўз, 100 миллион донада ортиқ бракон етиштирамиз, – дейди биолаборатория раҳбари Отабек Полвонов. – 20 нафар мутахассис ишлайди. Компаниямиз тасарруфидаги замонавий технологиялар асосидаги биолабораториялар Нишон тумани ҳамда Сирдарё вилоятларида ҳам фаолият кўрсатиб келмоқда.

Кейинги манзил тумандаги “Ширинов Рашид Раҳимович” биолабораториясининг хонадондаги шохобчаси бўлди. 

Ушбу биолабораторияда етиштирилаётган биомаҳсулотларни тайёрлаш жараёни, шарт-шароитлар билан таништирилди. Биомаҳсулотларни ишлаб чиқаришдан тортиб далага қўйиш жараёнигача бўлган босқичлар дала шароитида кўрсатилди. 

[gallery-17943]

– Менга ҳашоратлар уй, тўйхона, ишлаб чиқариш объектлари қуриб берди, – дейди тадбиркор, биолаборатория раҳбари Рашид Ширинов. – 2005 йилда фаолиятимизни кичик бир хонада биомаҳсулот етиштиришдан бошлаганмиз. Ҳозир 2 та ҳудудда катта сиғимли биолабораторияларимиз бор. 50 нафарга яқин доимий, яна шунча мавсумий ишчиларимиз бор. Уларга 3-4 миллион атрофида ойлик тўлаймиз. “Агролаб” ўсимликлар клиникамизда ҳам иш қизғин. Фермер, деҳқонларга биомаҳсулотлар етказиб бериш орқали йилига 2 миллиард сўмга яқин соф даромад қиламиз. Туман марказидаги “Раҳим ота” тўйхонаси, маиший хизмат кўрсатиш объектларини ҳам мана шу биолабораториямиз даромадидан бунёд қилганмиз.

Куннинг иккинчи ярмида журналист ва блогерлар Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасида бўлиб, мобиль биолабораторияси, унинг имкониятлар билан таништирилди. 

– “Карантин хизмати – деҳқонга кўмакчи” шиори остида Қашқадарё вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси томонидан тизимли ишлар йўлга қўйилган, – дейди фитосанитар лаборатория мудири Абдулатиф Шодиев. – Кўчма ва мобиль лабораториялар ҳудулардаги дала майдонларининг ўзидаёқ фермер, деҳқон, аҳоли томорқа ер эгалари учун хизмат кўрсатиб, назорат- таҳлил ишларини олиб боришмокда. Тупроқ намуналари ва зарарли организмлар ўрганилиб, кураш чоралари кўрилади. Вилоятда 2020-2021 йилларда 34 минг гектар майдондан тупроқ намуналари олиниб, таҳлил килинган бўлса, 2022-2023 йилларда 220 минг гектар, жорий йилнинг шу даврига кадар эса агрокимёвий таҳлил ишларини олиб бориш бўйича шартномалар тузилиб, ҳозиргача 200 минг гектарга яқин ҳудудда таҳлиллар ўтказилди. Шунингдек, ер эгаларига янада қулай бўлиши учун мобиль лабораториялар мавжуд. Вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси агрокимёвий таҳлил маркази агентлик тизимига ўтганидан сўнг 26 хил турдаги янги замонавий жиҳоз ва ускуналар олиб келиниб, соҳага билимли ва салоҳиятли ёш кадрлар ҳам жалб этилган.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари