Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Замонавий бахшичилик санъатига бағишланди
14:57 / 2023-05-06

Гулистон шаҳрида “Замонавий бахшичилик санъати: олтин мероснинг янги оҳанглари” мавзусидаги учинчи Халқаро илмий-амалий конференция ўтказилмоқда.

Ёш авлодни миллий қадриятларимизга муҳаббат руҳида тарбиялашда эзгуликка чорловчи, ватанпарвар, адолатли, мард, жасур бўлишга ундовчи достонларнинг ва умуман бахшичилик санъатининг ўрни беҳад улуғдир. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Достончилик ва бахшичилик — миллий ғуруримиз. Унинг замиридаги эзгу қадриятларни халқимизга етказиш лозим” дея соҳа эгалари зиммасига ғоят шарафли вазифаларни юклагани бежиз эмас.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 14 майдаги “Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорида таъкидланганидек, халқимизнинг юксак бадиий даҳоси билан яратилган ушбу ноёб санъатни асраб-авайлаш ва ривожлантириш бўйича мамлакатимизда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада юртимизда “Алпомиш” достонининг минг йиллиги кенг нишонлангани, Термиз шаҳрида бу улуғ бадиий обида шарафига, Самарқанд шаҳрида атоқли бахшиларимиз хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуалари бунёд этилгани, давлатимиз томонидан “Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси” фахрий унвони таъсис этилганини қайд этиш лозим. 2022 йил ўзбек халқининг кўҳна ва бетакрор санъати намунаси бўлган бахшичилик санъати ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритилди.  

[gallery-11753]

Бугунги кунда Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида “Достон ижрочилиги” кафедраси, Термиз шаҳрида бахшичилик мактаби, Нукус шаҳрида опера ва бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган мактаб, республикамиздаги болалар мусиқа ва санъат мактабларида фолклор синфлари фаолият кўсатмоқда. Юртимизда кўп томлик “Қорақалпоқ фольклори” тўпламлари чоп этилди, 100 томлик “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” мажмуаси нашр этилмоқда. Бахши-шоирлар томонидан ижро этилаётган асарларни ёзиб олиш, уларни илмий ўрганиш ишлари мунтазам давом этмоқда.

Маданият ва туризм вазирлиги, Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ҳамкорлигида “Замонавий бахшичилик санъати: олтин мероснинг янги оҳанглари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуманда шулар ҳақида сўз борди.

Анжуманда Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Россия, Туркия, Венгрия, Корея Республикаси, Япония каби 30 дан ортиқ мамлакатлардан соҳанинг етук мутахассислари иштирок этмоқда. Таниқли фольклоршунос олимлар ўз маърузалари билан қатнашаётгани аҳамиятлидир. Шунингдек, анжуманда мамлакатимизнинг турли олий ўқув юртларида, илмий-тадқиқот институтларида фаолият юритаётган фольклоршунос олимлар, бахшичилик ва халқ оғзаки ижоди масалаларига қизиқувчи тадқиқотчилар ҳам соҳага алоқадор илмий-назарий мақолалари билан фаол иштирок этмоқда.

Халқаро конференция иштирокчилари анжуман доирасида ташкил этилган Учинчи Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг очилиш маросимига бағишлаб ташкил этилган мамлакатимизнинг уста бахшилари, хорижлик эпик ижодкорлар, санъаткорлар иштирокидаги байрам дастурида ҳам иштирок этади.

Анжуман якунида бахшичилик санъати истиқболи билан боғлиқ муҳим резолюция қабул қилинади.

Резолюцияда бахшичилик санъатининг илмий-назарий ва амалий асосларини чуқур ўрганиш ва мустаҳкамлаш, бахшичилик санъатига оид ижодий мактабларнинг ўзига хос ижро услублари, “устоз–шогирд” анъаналарини қайта тиклаш ва ривожлантириш, элга танилган бахшиларнинг маҳорат дарсларини ташкил этиш, ёш бахшилар ўз санъатларини намоён этиш учун кенг имкониятлар яратиш, бахшичилик санъатининг энг сара намуналарини тўплаш, бахшичилик санъати намуналарининг фондини яратиш, уларнинг аудио ва видео вариантларини кўпайтириш, бахшичилик санъатини юртимизда ва дунёда кенг тарғиб этиш, бахшичилик санъати йўналишида халқаро ҳамкорликни кучайтириш, бахшичилик санъатини тадқиқ этувчи фольклоршунос олимларнинг ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш, юртимиздаги ва хорижлик фольклоршунос олимлар  иштирокида  турли халқаро анжуманлар ва танловлар ташкил этиш, бахшичилик санъатини кенг тарғиб этишда ахборот-коммуникация технологияларидан, телевидение ва интернет имкониятларидан самарали фойдаланиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги кўзда тутилган.

 

Ш. Суяров,

Ш. Ортиқбоев,(сурат) ЎзА