Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Замонавий ахборот-кутубхона маркази иш бошлади
12:09 / 2024-08-30

Мамлакатимиз мустақиллигининг қутлуғ 33 йиллик шодиёналари арафасида Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида замонавий қулайликларга эга бўлган янги Ахборот-кутубхона маркази ўз фаолиятини бошлади.

Тадбирда икки қаватли, замонавий андозада қад ростлаган Ахборот-кутубхона марказининг рамзий калити кутубхона директорига тантанали равишда топширилди.

Чўлқуварлар масканидаги мавжуд Ахборот-кутубхона маркази бир неча ўн йилдан буён ижара асосида, турли ташкилот, идоралар биноларида иш юритиб келган. 

“Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2023 йил дастлабки мавсумида мазкур ахборот-кутубхона маркази умумий қиймати 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ “ютиб” олгани ҳисобидан янги бино қурилишига киришилганди. Туман маҳаллий бюджетидан бино иншоотидаги қурилиш-монтаж ишлари учун қўшимча 650 миллион сўм маблағ ажратилган. Бу саъй-ҳаракат натижасида янгидан замонавий ахборот-кутубхона маркази қад ростлади.

Бинони жиҳозлаш жараёнида ҳам кутубхона ходимлари жонбозлик кўрсатишди. Гап шундаки, “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг жорий йилги биринчи мавсумида кутубхона 450 миллион сўм маблағни қўлга қиритди. Мазкур маблағ ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасидан ажратилган 360 миллион сўм сармоя  эвазига кутубхона тўлиқ замон талаблари асосида жиҳозланди. 20 та моноблок, интерактив доска, қаттиқ ва юмшоқ замонавий мебель жиҳозлари харид қилинди. 

Бугунга келиб кутубхонада 16 нафар ходим меҳнат фаолиятини юритмоқда. Айни кунда турли мазмундаги 45 минг дона китоб фондига эга янгиланган кутубхонада 2 мингта электрон китоб фонди ҳам мавжуд. Ҳозир атрофдаги 3 та маҳаллада кутубхона филиаллари очилган. 

–Бугун китобга, мутолага қизиқиш ортаётгани қувонарли, албатта, –дейди  Ахборот-кутубхона маркази раҳбари Шарофат Юлдашева. –Бизда ҳам шу кунга қадар мослаштирилган шароитдаги кутубхонамизга бўлган кунлик талаб 30-40 нафар китобхондан ошмаган бўлса, бугунга келиб бу қатнов кўрсаткичи янгиланган муассасамиз ва замонавий шарт-шароит эвазига икки-уч баробарга ошмоқда. Бунинг замирида шак-шубҳасиз, тармоқ фаолиятига қаратилган эътибор ва рағбат, имкониятлар ётибди.

Тантанада Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси раҳбари Умида Тешабоева, Абу Али Ибн Сино номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Насиба Аминова, туман ҳокими Акмал Остоновлар қатнашди.

Зариф Комилов, 

ЎзА мухбири