Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Замонавий “Ақлли” насослар – тежамкор ва хавфсиз
20:09 / 2020-12-02

Республикамизда илк маротаба Жиззах вилоятининг Пахтакор тумани канализация тизимига Швецияда ишлаб чиқилган замонавий “Flugt” концептор насослари ўрнатилди.

Шу муносабат билан соҳа ходимлари учун ташкил этилган семинарда хорижий “Xylem” корпорациясининг мутахассислари Zoom орқали қатнашиб ушбу насосларнинг афзалликлари ва улардан фойдаланиш бўйича батафсил маълумот берди.

Нафақат Пахтакор тумани балки вилоятнинг барча ҳудудларида канализация тармоқларидан фойдаланиш энг муаммоли масалалардан ҳисобланади. Кўпчилик туман марказларида ўтган асрнинг ўрталарида қурилган оқава сув тармоқлари аллақачон яроқсиз ҳолга келган.  

Шу боис Пахтакор тумани марказидаги мавжуд оқава сувларни ҳайдаш насос станцияларини модернизация қилиш лойиҳаси муҳим аҳамиятга эга янгилик ҳисобланади.

Ҳозирги кунгача Пахтакор туманида 1982 йилда ишга туширилган 7 та оқава сувларни ҳайдаш насос станциялари мавжуд бўлиб, шундан 5 таси 40 фоиз қувватда ишлаб келаётган, қолган 2 таси маиший чиқиндиларга тўлиб, кўмилиб қолганлиги натижасида ишламасди.

Семинарда мутахассислар ушбу эски насослар ўрнига ўрнатилган “Smart” технологияси орқали масофадан бошқариладиган ҳамда энергия тежамкор “FLYGT” насосларининг техник имкониятлари ҳақида батафсил тушунча берди.  

“Free Line group“ ташкилоти томонидан олиб келинган 12 дона “FLYGT” насослари тўлиқ автоматлаштирилганлиги билан оддий насослардан фарқ қилади.

Ақлли (смарт) технологиялар асосида ишлайдиган бу насослар сув остига ўрнатилиб, фойдаланишда инсон омилининг деярли таъсири бўлмайди. Насослар ўзи автоматик равишда келаётган оқова сувлар миқдорига мос равишда ишга тушиб, ўзи тўхтайди. Ишчилар ҳаётини хатарга қўйиб 8-10 метр чуқурликка тушишларига, ис газидан заҳарланишларига барҳам берилди.

Энг асосийси, янги насос станцияларнинг энергия тежамкорлиги. Эски насослар ишлаган даврда 5 та канализация насос станцияси  бир ойга 31.6 минг киловат-соат электр энергия ишлатилган бўлса, 6 та  янги канизация насос станцияси бир ойда 21.6 минг квт., ёки 40 фоиз кам электр энергия сарфлайди.  

Эндиликда тумандаги оқавасув билан боғлиқ муаммоли ҳолатларнинг олди олинади. Бундан ташқари, туман марказидаги оқава сув тармоқлари ва иншоотларини реконструкция қилиш давомида эскирган трансформаторлар ўрнига 6 дона янги трансформатор ўрнатилган. Янги технология нафақат оқавасув тармоғининг янгиланишига қолаверса, тизимда фаолият юритаётган ходимларнинг ишларини енгиллаштиришга ёрдам беради. Энг муҳими, аҳолининг яшаш шароитини яхшилашга хизмат қилади.

Семинарда хорижлик мутахассислар томонидан замонавий сув тозалаш тизимлари ва чиқинди сувларни ҳайдаш соҳасидаги янгиликлар, FLYGT concertor ақлли насослари, дренаж ва қуритиш тизимлари бўйича иштирокчилар берган  саволларга  батафсил жавоб берилди.

Тадбирда Ўзбекистонда биринчи маротаба Flygt Concertor интеллектли оқава сув насос тизимини муваффақиятли ишга туширилганлиги учун  "Жиззах сув таъминоти" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Зокир Мамарасуловга “Free Line group“ МЧЖнинг сертификати топширилди.

Т. БЕКНАЗАРОВ, ЎзА